«Уч йилдан бери буйрак етишмовчилигидан азият чекиб, бир йилдан бери гемодиализ муолажасини қабул қилиб юрган Мастура Файзиева дардига даво излаб бормаган жойи қолмаганди. Унинг олдида икки йўл турарди: умрининг охиригача гемодиализ муолажасини қабул қилиш ёки буйрак трансплантациясини амалга ошириш. Бу иккки чорани кўриш ҳам икки нафар фарзанднинг онаси учун моддий томондан қийинчиликлар туғдирарди.

Унга буйрак трансплантацияси жарроҳлик амалиётини фақат чет элда амалга ошириш мумкинлигини айтишганди. Фарзандларининг бахту камолини кўриш, уларнинг бошида паноҳ бўлишни истаган она яшаб турган уйини сотишга қарор қилганди. Шундай кунларнинг бирида «Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!» шиори остида ўтаётган саломатлик акцияси доирасида Наманган вилоятида бўлиб турган пойтахтлик шифокорлар маҳаллий ҳамкасблари билан биргаликда унинг ҳолидан хабар олиб, уйига кириб келишди...», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Маъмура Йигиталиева опаси Мастура Файзиевага донорлик қилади.

«Мен учун буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини Тошкент шаҳрида, ҳеч қандай тўловсиз, беминнат қилиб беришларини айтишганида ҳолатимни тасаввур қила олмайсиз. Бу Аллоҳнинг менга берган инояти эди. Шундай оғир аҳволда турганимда шифокорлар келиб, мушкулимизни осон қилишди. «Президентимизнинг топшириғи билан сизларга ёрдам бергани келдик», дейишганида илтижоларим Яратганга етиб, ўзи дардимни олувчиларни юборганини кўнглим сезди. Унгача икки боламнинг тақдири нима бўлишини ўйлаб, хавотирда эдим. 

Менга буйрак кўчириб ўтказишлари аниқ бўлганида, ўғлим: «Мен ҳам катта бўлсам, сизни даволайдиган одамлардай жарроҳ бўламан», деди. Биласизми, энди болаларимнинг орзуларини кўриш учун ҳам ҳаётга умидим ошиб кетди», дейди бемор.

Саломатлик акцияси доирасида опа-сингил биргаликда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган.

«Жигаринг ёнингда дард билан олишиб турса, чидай олмас экан одам. Отамизнинг ёшлари 75га етган бўлса ҳам чора излаб бормаган жойлари қолмади. Ака-опаларимиздан қай биримизники тўғри келса, буйрагимизни беришга рози эдик. Мана, келганимиздан бери шифокорлар ширин сўзларини аяшмаяпти. Ҳаммалари юзлари табассум билан палатамизга кириб келишади. Тўғриси, буларни кўриб, эрта-индин операцияга киришимиз керак, деган қўрқув ҳам ўз-ўзидан қандай йўқолганини сезмай қолдим», дейди Маъмура Йигиталиева.