12:24 / 25.02.2021
3024

Саломатлик акцияси доирасида наманганлик беморларда буйрак трансплантацияси операцияси муваффақиятли амалга оширилди

Буйрак кўчириб ўтказилган наманганлик беморлардан бирига уйига жавоб берилди.

ССВ матбуот хизмати «Бор меҳримиз шу ватан, шу халқ учун!» шиори остида Наманган вилоятида ўтказилган саломатлик акцияси доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди. 

Вазирлик гуруҳининг вилоятга сафари доирасида уч нафар бемор буйрак трансплантацияси амалга ошириш учун Тошкентга олиб келинганди. Ҳозирда бу беморлардан икки нафарида муваффақиятли жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

«Мамлакатнинг тиббиёт соҳасидаги энг малакали мутахассислари ҳар бир туманда маҳаллабай тартибда уйма-уй юриб, тиббий ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларига жойида малакали тиббий хизмат кўрсатишди ҳамда беморларнинг ҳолатига, касаллик даражасига қараб, тегишли муолажаларни амалга оширишди. 

Акция доирасида 3 нафар беморда ноёб буйрак трансплантацияси амалиётлари ўтказилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Бир ҳафта олдин Тўрақўрғон туманида яшовчи 53 ёшли Валижон Исмоиловда буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилди. 26 ёшли Одилжон Исмоилов отасига донорлик қилган. 

Жарроҳлик амалиётидан муваффақиятли чиққан ота-бола Исмоиловлар 23 феврал куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидан ўз уйига йўл олди», дейилади вазирлик хабарида.

«Жарроҳлик амалиётига бир ҳафта бўлди. Ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Буйрак кўчириб ўтказилиши ҳақида ўйлаганимизда жуда хавотирга тушган эдик. Аммо биз ўйлаганимиздан енгил ўтди операция. Биз учун куйиниб, саломатлигимизни тиклашга ёрдам берган, бошимизда парвона бўлган, хонадонимизгача бориб ҳолимиздан хабар олган фидойи инсонларга миннатдорчилигимни билдираман», дейди Валижон Исмоилов.

Шунингдек, буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилиши керак бўлган иккинчи бемор Мастура Файзиевада ҳам операция муваффақиятли ўтган. 

Top