«Юксалиш» қийноқларга барҳам беришга қаратилган 10 та таклиф ишлаб чиқди
Ички ишлар органлари ходимлари қўлида навбатдаги қўлга олинган шахс вафот этиши ортидан «Юксалиш» ҳаракати ички ишлар идораларида қийноқларга барҳам бериш мақсадида 10 та таклиф ишлаб чиққанини эълон қилди. Унда қийноқ ҳолатлари юзасидан ИИВ раҳбарияти жамоатчиликка батафсил ахборот бериши, ички ишлар органларига ишга қабул қилиш ислоҳ қилиниши каби таклифлар жой олган.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати «ички ишлар идоралари айрим ходимларининг ғайриқонуний ҳаракатлари, шу жумладан қийноққа солиш ҳолатлари кенг жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлаётгани»ни таъкидлаб, қийноқларга барҳам бериш мақсадида 10 та таклиф ишлаб чиққанини эълон қилди.
«Учраётган қийноқ ҳолатлари, Ўзбекистоннинг бугунги миллий ва халқаро имижига салбий таъсир кўрсатмаслиги лозим. Ушбу ҳолатлар давлатимиз раҳбари олиб бораётган инсонпарварлик ва инсон қадри устуворлиги тамойилларига зид эканлигини таъкидлаймиз», дейилади «Юксалиш» хабарида.
Ҳаракат кенг жамоатчилик фикри ва соҳа экспертларига таянган ҳолда, қийноқларга барҳам бериш мақсадида зудлик билан қуйидаги энг муҳим ишлар амалга оширилиши зарур, деб ҳисоблайди:
- Аввало, сўнгги рўй берган қийноқ ҳолатлари юзасидан Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти батафсил ахборот бериши ҳамда тизимда қийноқларга барҳам бериш бўйича аниқ режаларини жамоатчиликка тақдим этиши керак;
- Бундан буён, мунтазам равишда ҳар бир қийноқ ва бошқа инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳолатлар бўйича ИИВ раҳбарияти томонидан шахсан жамоатчиликка ахборот бериб бориш амалиётини киритиш лозим;
- Жиноят содир этганликда гумон қилиниб ушланган шахснинг ҳуқуқлари содда тилда тушунтирилганлиги ҳақида тилхат олиш амалиётини жорий этиш;
- Жиноят содир этганликда гумонланиб ушланган шахснинг прокурор билан учрашиш талабини дарҳол қондириш бўйича ҳуқуқини қонунчиликда мустаҳкамлаш;
- Ҳибсга (қамоққа) олинганларнинг расман қамоқда сақлаш жойлари деб эътироф этилган жойларда сақланишини, уларнинг сақланаётган жойлари тўғрисидаги маълумотларни манфаатдор томонлар, шу жумладан қариндошлари, дўстлари ва жамоат ташкилотлари учун очиқ бўлишини таъминлаш мақсадида онлайн маълумотлар базасини яратиш;
- Шахсни ҳибсга олишда «Миранда қоидаси»ни қўллаш билан боғлиқ ҳаракатларни талаб даражасида амалга оширмаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳасини зудлик билан парламентга киритиш;
- Миллий превентив механизм доирасида ички ишлар идораларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва ушлаб туриш жойларига жамоатчилик вакилларининг мониторинг ташрифларини ташкил этиш ва доимий амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш;
- Ички ишлар органларига ишга қабул қилиш, ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини қайта кўриб чиқиш, хусусан, тегишли тузилмалар ходимларини жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқларини билиши, ходимларнинг психологик ҳолатини стресс-тестдан ўтказиш тизимини ислоҳ қилиш;
- Ҳар бир ушлаб туриш ва ҳибсга олиш ваколатига эга бўлган давлат органлари ҳузурида Жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш, Кенгаш томонидан тегишли давлат идорасининг фаолияти давомида инсон ҳуқуқларининг таъминланиши ва поймол этилмаслиги юзасидан доимий жамоатчилик маслаҳатлашувлари ва мониторингларни ўтказиш механизмларини ишлаб чиқиш;
- Қийноқлар, инсон шаъни ва қадр-қимматини камситиш билан боғлиқ, жамоатчиликда резонанс уйғотган жиноий ишлар юзасидан очиқ ва сайёр суд мажлисларини ташкил этиш, уларни ОАВ орқали онлайн трансляция қилиш амалиётини кенг жорий этиш.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти Бўка туманида чорва ўғирлашда гумонланган 36 ёшли фуқаро Усмон Салимбоев ИИБ ходимларининг ноқонуний сўроқ қилиши ва жароҳат етказиши оқибатида вафот этганди. Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати воқеага сабабчи икки ходим ҳибсга олингани, туман ИИБ раҳбарияти эса ишдан бўшатилганини маълум қилган.
Мавзуга оид
17:29 / 21.11.2024
Бўкада 20 ёшли ҳомиладор аёл операция вақтида вафот этди
18:23 / 26.08.2024
Қийноқ оқибатидаги ўлим ҳолатлари учун жавобгарлик кучайтирилади
10:59 / 21.08.2024
Турмуш ўртоғини ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказган яна бир эркак 9 йилга қамалди
17:41 / 25.05.2024