Жаҳон | 22:17 / 12.06.2023
12480
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Ғалаба кунини 8 майга кўчириш ҳақидаги қонунни имзолади

Энди 8 май Украинада Хотира ва 1939-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида нацизм устидан қозонилган ғалаба куни, 9 май эса Европа куни сифатида нишонланади. 

Фото: Getty Images

Украина президенти Володимир Зеленский 8 майни Хотира ва 1939-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида нацизм устидан қозонилган ғалаба куни сифатида белгиловчи қонунни имзолади. Бу ҳақда Олий Рада сайти хабар берди. 

Май ойининг охирида қонун лойиҳаси Рада томонидан қабул қилинган эди. Уни 317 депутат қўллаб-қувватлади, фақат бир нафари қарши чиқди, яна 35 нафари овоз бермади. 

Ҳужжатга мувофиқ, 8 май Украинада дам олиш куни деб эълон қилинди. 

2015 йилдан бери Украинада 9 май Иккинчи жаҳон урушида нацизм устидан ғалаба қозонилган кун, 8 май эса Хотира ва ярашиш куни сифатида расман нишонланар эди. 

Нацизм устидан қозонилган ғалаба байрамини 8 майга ўтказиш ташаббускори Зеленский бўлди. У 8 май куни «дунё урушда ҳалок бўлганларнинг хотирасини ҳурмат қилишини» ва бу «мафкуравий қўшимчалардан холи бўлган соф тарих» эканини тушунтирган эди. 

Шунингдек, у 9 майни Украинада Европа куни сифатида нишонлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу иш куни ҳисобланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид