Жаҳон | 10:54 / 13.06.2023
6653
1 дақиқада ўқилади

Байден Беларус раҳбариятига қарши санкцияларни узайтирди

АҚШ президенти Жо Байден Беларус ҳукуматининг айрим аъзолари ва бошқаларга нисбатан санкцияларни яна бир йилга узайтирди. Бу ҳақда Оқ уй сайтида хабар берилди.

Фото: БЕЛТА

Илгари киритилган чекловлар 2023 йилнинг 16 июнида тугайди.

Байден томонидан имзоланган хабарномада айтилишича, Беларус ҳукуматининг айрим аъзолари ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатлари ва сиёсати, "шунингдек, Беларус режимининг зарарли фаолияти ва узоқ вақтдан бери давом этаётган суиистеъмолликлари АҚШ миллий хавфсизлиги ва ташқи сиёсати ғайриоддий ва фавқулодда хавф туғдирмоқда”.

Ушбу билдиришнома Федерал реестрда эълон қилинади ва Конгрессга юборилади.

Март ойида АҚШ Молия вазирлиги Беларус президенти Александр Лукашенко томонидан фойдаланилган Boeing 737 самолётига нисбатан санкциялар жорий этган эди.

Мавзуга оид