Ўзбекистон | 20:58 / 13.06.2023
20692
2 дақиқада ўқилади

Қўқон бозорида ёниб кетган дўконлар 15 кунда қайта қуриб берилади 

Бозор маъмурияти банк кредити ҳисобига дўконларни тиклайди. 

Фото: Kun.uz

Фарғона вилояти, Қўқон шаҳрида жойлашган бозорда ёниб кетган дўконлар қайта қуриб берилади. 

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Дилмурод Жумабаев сўзларига кўра, қурилиш ишлари 15 кун муддатда якунланади. Қайта қуриш учун тадбиркорлардан пул олинмайди. Барча ишлар бозор маъмурияти ҳисобидан амалга оширилади. 

«Вилоят ҳокимлиги қурилиш ишлари 15 кун муддатда якунланишини, бунинг учун етарли қурувчи жалб этилишини таъминлайди ва назоратга олади. Қурилиш ишлари учун тадбиркорлардан ҳеч қандай маблағ олинмайди. Барча ишлар бозор маъмурияти ҳисобидан амалга оширилади, бунинг учун маъмуриятга банк кредити берилади», деди у. 

Қайд этилишича, ҳозирда техноген офат оқибатида етказилган зарар миқдорини аниқлаш ишлари давом этмоқда. 

12 июнь куни Қўқон шаҳридаги «Буюк ипак йўли» савдо мажмуасида катта ёнғин юз берди. 

Ҳозирча унда жабрланганлар сони ва етказилган зарар миқдори ҳақида хабар берилмади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид