07:54 / 14.06.2023
5294

Тошкентда ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг сайловларни кузатиш бўйича офиси очилди

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) 9 июль куни бўлиб ўтадиган муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайловини кузатиш бўйича миссиясини очди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Миссияни элчи Урсула Гачек бошқаради. Миссия Тошкентда жойлашган 11 нафар халқаро эксперт ва 24 нафар узоқ муддатли кузатувчидан иборат асосий гуруҳдан иборат бўлиб, улар 14 июндан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб жойлаштирилади. ДИИҲБ, шунингдек, сайлов кунидан бир неча кун олдин келадиган 250 нафар қисқа муддатли кузатувчиларни жалб этишни режалаштирмоқда.

Миссия сайловларнинг ЕХҲТ ва бошқа халқаро мажбуриятлар, демократик сайловлар ўтказиш стандартларига ҳамда миллий қонунчиликка мувофиқлигини баҳолайди.

Кузатувчилар сайлов кунигача ҳам, кейин ҳам сайловнинг барча жабҳаларини диққат билан кузатиб боради. Аниқ йўналишлар қаторига норматив-ҳуқуқий базани амалга ошириш, сайловолди ташвиқот, жумладан, ижтимоий тармоқларда, барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолияти, сайловга оид низоларни ҳал этиш ва оммавий ахборот воситаларида ёритиш киради. Кузатувчилар ДИИҲБнинг сайловлар бўйича олдинги тавсияларининг бажарилишини ҳам баҳолайдилар.

Миссия сайловдан кейин матбуот анжумани ўтказиб, дастлабки хулосаларни тақдим этади. Бутун сайлов жараёнини баҳоловчи ва тавсиялар берувчи якуний ҳисобот сайловдан бир неча ой ўтгач эълон қилинади.

Мавзу
Президентлик сайлови-2023
Ўзбекистонда 2023 йил 9 июл куни муддатидан илгари президенти сайлови бўлиб ўтади. Янгиланган Конституцияга кўра, президент ваколат муддати ҳозирги 5 йилдан 7 йилга оширилган.
Барчаси
Top