20:42 / 15.06.2023
33539

Олдинги бошқарувга сиёсий баҳо берилиши керак. Нега?

Биринчи маъмурият давридаги қаттиқ авторитаризм инерциясидан узилиб, янги сиёсий маконга кўчиб ўтишимиз учун у даврдаги хатолар тўхтовсиз эслатиб турилиши лозим. Токи янги сиёсий маданиятда нима мумкин ва нима мумкин эмаслиги ҳақида ҳаммада аниқ тасаввур шакллансин.

Шу кунларда, жамоатчилик диққат марказидаги мавзулардан бири – бу Каримовлар оиласидаги судлашув жараёнининг бошланиши. Ислом Каримовнинг биринчи никоҳидан бўлган ўғли Пётр Каримов унинг иккинчи рафиқаси Татьяна Каримовани судга берган. Даъво сабаби – мол-мулк, мерос масалалари.

Шу фонда, Каримов сиёсий меросини яна бир таҳлил қилиш, унинг бошқарув тизимига сиёсий баҳо масаласида фикр юритиш фойдадан холи бўлмайди.

2016 йилга қадар, Ўзбекистон ўта оғир даврни бошидан кечирди. Бу оғир даврни нафақат оддий халқ, балки бугунги мулозимлар, давлат арбоблари ҳам эсидан чиқаргани йўқ.

2016 йилда ҳокимият ўзгаргач, биринчи маъмурият сиёсий бошқарувига жузъий, вазиятдан келиб чиқиб, ситуатив баҳо берилди. Лекин, биринчи маъмуриятнинг бошқарувига тарихий-сиёсий, концептуал баҳо бериш ҳалига қадар амалга оширилмади.

Қолаверса, шу пайтга қадар берилган баҳолар ҳам, анча зиддиятли. Хўш, бу зиддият, нимадан иборат?

Биринчидан, Каримов сиёсий тизими яроқсиз экани тан олинди, у репрессив, қаттиқ авторитар, норационал, яъни ақл-идрокни инкор этиш даражасида бераҳм ва беҳикмат, ўта консерватив, ўта марказлашган, ўта якка шахслашган, ташқи дунёдан узилган, қўшни давлатлар билан ҳам аразлашган ёки совуқ алоқалар устувор, дея эътироф этилди.

Бу даврда, қора рўйхатлар, оммавий таъқиблар, “столбани ҳам қамаш” – оддий урф бўлгани, давлат халқни қўрқитиш машинаси экани, инсонлар элементар муаммоларни ҳам очиқ айтиш имкониятига эга эмаслиги, кўпчиликнинг эсида бор.

Иккинчи томондан, айнан Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон давлатчилигининг асосчиси, биринчи президенти, янги давлатчилик меъмори сифатида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиши кераклиги билдирилди.

Жумладан, Каримовни Франциядаги Шарль Де Голлга, АҚШдаги Жорж Вашингтонга қиёслаш ҳоллари ҳам кузатилди.

Яъни Каримов сиёсий бошқарув ва мероси ҳақида гап кетганда, у даврдаги хато ва камчиликларни айтиш, унинг номини тилга олмасдан амалга оширилди. Шунингдек, Каримовнинг номи тилга олинган ҳолатларда, давлат даражасида, унга мўътадил ёки юқорироқ ҳурмат билдириш – давлатнинг асосий ёндашуви экани кузатилди.

Натижада, бугунги сиёсий тафаккурда, сиёсий маданиятда, маълум зиддиятлар йиғилиб қолмоқда.

Табиийки, ҳеч бир демократик давлат ўзининг самарали ишловчи демократик институтларини тезда шакллантира олмаган. Мисол учун, 20-асрнинг ўрталаридаги Англия, Франция ёки АҚШ бугунги даврга нисбатан авторитарроқ ёки якка шахснинг роли юқорироқ бўлган. Жумладан, Рузвелтни, Черчилни еки Де Голлни тийиб турувчи институтлар, шахслар ва сиёсий элитанинг салоҳияти нисбатан паст бўлган. Бошқача қилиб айтганда, ҳар қандай демократиянинг шундай ривожланиш палласи бўладики, энди ўсиб, шаклланиб келаётган демократик институтларда шахсларнинг ўрни анча юқори бўлади ва бу харизмали шахсларни тийиб туриш механизмлари кучсиз бўлади.

Ўзбекистон ҳам демократик, ҳуқуқий давлатчилик йўлидан оғишмаслиги, яқин ўтмишдаги хатолардан тўғри хулосалар чиқариши ва ортга қайтмаслиги учун, яқин ўтмишга тўлиқ, тизимли сиёсий баҳо бериши керак. Бу баҳо – сиёсий консенсус яратиши керак. Яъни яқин ўтмишдаги қаттиқ авторитаризм, диктатуранинг хато ва камчиликларини ҳар бир давлат мулозими, давлат хизматчиси, жамият аъзолари, ва айниқса, куч ишлатар тизимлар ходимлари, қолаверса, бутун сиёсий элита яхши тушуниши ва давлатнинг траекториясини белгилашда, ўша хавотирлар ва хулосалар призмаси орқали қараши лозим.

Нима учун олдинги бошқарувга комплекс сиёсий баҳо бериш муҳим? Сабаби, яқин ўтмишдаги Ўзбекистон давлати ва халқи учун энг катта муаммо – бу давлатнинг нотўғри фикрлаши ва ишлаши бўлди. Энг катта репрессияларни давлатнинг ўзи қилди. Халқ ва одамлар учун, энг катта таҳдид манбайи давлатнинг ўзи бўлди. Одамлар ҳаётида энг аввало давлатдан, ҳокимиятдан қўрқиб яшади.

Сиёсий тизимлардаги энг муҳим нарса – ғоя, образ, умумий тасаввур. Яъни келишилган ва риоя қилинадиган ўйин қоидаси. Ўзбекистон сиёсий тизими бугун ўтиш даврида. Қаттиқ авторитаризмдан воз кечиб, жамият ислоҳотларни давом эттириши ва янги жамият шакллантириши учун, сиёсий маданиятда нималар мумкин ва нималар мумкин эмаслиги борасида, аниқ тасаввурлар шаклланиши лозим.

Каримов бошқаруви борасида жамиятда бўлиниш, парокандалик, зиддиятли қарашлар кучли. Лекин сиёсий қарашлар борасида, сиёсий тизим, эркинликлар, инсон ҳуқуқлари, ҳуқуқий давлатчилик борасида, жамиятда яқин қарашлар бўлиши керак. Шундагина, Ўзбекистон демократик-ҳуқуқий давлатчилик сари самарали ҳаракат қила олади.

Акс ҳолда, жамиятда ва давлатда ё ёки бу муаммолар бўлганда, инерциядан келиб чиқиб, ўтмишга интилиш ва шаклланган қаттиқ авторитар бошқарув моделини “тўғри ва самарали” деб билиш табиий ҳолат бўлиб қолади.

Ўтмишдаги нотўғри бошқарувларга сиёсий баҳо бериш қандай бўлади? Мисол учун, кўплаб давлатлар, диктатураларни англаш ва унга қайтмаслик учун, катта конференциялар ўтказишган, мутафаккирлар кўплаб китоблар ёзишган, ОАВда шу соҳадаги муаммолар муттасил кўтарилган, давлат ва унинг мулозимлари эса ўзининг қарашларини ўша айтилаётган хатолардан келиб чиқиб тўғрилашган, ўзгартиришган, ўзгаришган.

Ўзбекистон эртами-кеч биринчи маъмуриятнинг бошқарув моделига тизимли, кенг қамровли, концептуал баҳо бериши керак. Ва бу баҳодан мақсад, кимнингдир номини қоралаш эмас, балки янги сиёсий тафаккур, зеҳният, руҳият, маданият шакллантириш бўлиши зарур.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзу
Раббимов фикри
Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг Kun.uz'даги муаллифлик колонкаси
Барчаси
Top