Ўзбекистон | 15:39 / 15.06.2023
9774
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Хитой раисига табрик йўллади 

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзинпинга унинг 70 ёшлик юбилейи муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Сизнинг бевосита раҳбарлигингизда дўст Хитой халқи сўнгги йилларда улкан ютуқ ва оламшумул муваффақиятларга эришиб келмоқда. Аҳолини камбағалликдан чиқариш, қашшоқликка барҳам бериш, ўртача фаровон жамият қуриш жараёнларини якунига етказишга қаратилган кенг миқёсдаги ислоҳотлар самарали амалга оширилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Сизнинг шахсан эътиборингиз туфайли Ўзбекистон - Хитой муносабатлари ҳар томонлама мустаҳкамланиб, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилиб бормоқда.

Яқинда Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифим якунлари ҳамда Сиань шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё - Хитой” биринчи саммити доирасидаги сермазмун музокараларимиз натижалари ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз”, - дейилади, жумладан, давлат раҳбарининг мактубида. 

Президент Си Цзинпинни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этиб, унга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, ғоятда масъулиятли ва шарафли давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар, Хитой халқига тинчлик-омонлик ва фаровонлик тилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид