Жаҳон | 08:13 / 16.06.2023
8571
2 дақиқада ўқилади

Европа Марказий банки базавий фоиз ставкаларини оширди

Европа регулятори инфляцияга қарши кураш мақсадида базавий ставкаларни яна 0,25 фоизга оширди.

Фото: AFP

Европа Марказий банки (ЕМБ) юқори инфляцияга қарши курашда базавий фоиз ставкаларини яна 0,25 фоизга оширди. Тижорат банклари ЕМБдан қарз олиши мумкин бўлган асосий ставка 4 фоизга, депозитлар бўйича базавий ставка эса 3,5 фоизгача оширилди, деб хабар берди регулятор 15 июн, пайшанба куни.

"Инфляция пасайди, лекин узоқ вақт давомида юқори даражада қолади", - дейилади ЕМБ баёнотида. Регулятор евроҳудуд мамлакатларида инфляция ва иқтисодий ўсиш бўйича уч ойлик прогнозларни мос равишда юқорига ва пастга қараб ўзгартирди.

Жорий йил учун ЕМБ инфляцияни 5,4 фоиз (март прогнози - 5,3), 2024 йил учун - 3 (март - 2,9), 2025 йил учун - 2,2 фоиз (март - 2,1) даражасида башорат қилмоқда. Ўрта муддатли истиқболда Европа Марказий банки ҳар йили тахминан икки фоизга ўсиш билан барқарор нархларни кутмоқда.

Агар март ойида ЕМБ бу йил евроҳудуддаги иқтисодий ўсишни бир фоиз даражасида башорат қилган бўлса, ҳозир у атиги 0,9 фоиз даражасида. Келгуси йилда регулятор ялпи ички маҳсулотнинг 1,5 фоизга ўсишини кутмоқда (март ойидаги прогноз - 1,6). Регуляторнинг 2025 йил учун евроҳудудда иқтисодий ўсиш бўйича прогнозлари ўзгармади (ялпи ички маҳсулотнинг кутилаётган ўсиши - 1,6 фоиз).

Мавзуга оид