20:19 / 19.06.2023
18309

Мусаффо осмондаги турбулентлик глобал исиш билан боғлиқ экани маълум бўлди

Самолётлар сўнгги ўн йилликларда очиқ ҳавода ҳам турбулентликка дуч келаётгани иқлими ўзгариши билан боғлиқ экани аниқланди.

Фото: Luis Robayo/AFP via Getty Images

Трансатлантика парвозлари каби муҳим йўналишларда самолётнинг турбулент оқимларга тушиб қолиш эҳтимоли ярим баравардан кўпайган. Бу ҳақда Geophysical Research Letters илмий журналида чоп этилган Рединг университети олимлари тадқиқотида айтилади.

Унинг муаллифлари 1979 йилдан 2020 йилгача бўлган иқлим маълумотларини таҳлил қилиб, глобал ўзгаришларнинг сайёрадаги «турбулент» зоналарга таъсири ҳақидаги тахминни тасдиқлади.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, парвоз пайтида турбулентликка дуч келиш эҳтимоли кўпроқ Америка Қўшма Штатлари ва Шимолий Атлантика осмонида кўпайган, бу жойлар дунёдаги энг тирбанд ҳаво йўллари ҳисобланади.

Шундай қилиб, Шимолий Атлантиканинг ўрта нуқтасида мусаффо осмондаги кучли турбулентликнинг умумий йиллик давомийлиги 55 фоизга ошди - 1979 йилдаги 17,7 соатдан 2020 йилда 27,4 соатгача. Худди шу ҳудудда ўртача турбулентлик 37 фоизга (70,0 дан 96,1 соатгача) ва енгил турбулентлик 17 фоизга (466,5 дан 546,8 соатгача) кўпайган.

Европа, Яқин Шарқ ва Жанубий Атлантика океанида ҳам сезиларли ўсиш кузатилган. Аксинча, сўнгги 40 йил ичида Хитой, Россия ва Жанубий Осиёда турбулентлик ҳодисалари сони камайган.

Мақола муаллифлари сайёрадаги турбулентликнинг глобал манзараси ўзгаришини глобал исиш билан боғлайди: илиқ ҳаво юқори ҳаво оқимларида шамол тезлигининг кескин ўзгаришига олиб келади. Бу зоналар турбулентлик жиҳатидан энг хавфли ҳисобланади.

«Турбулентлик парвозларни ноқулай, баъзан хавфли қилади. Авиакомпаниялар кўпайиб бораётган турбулентлик билан қандай курашиш ҳақида ўйлаши керак, чунки фақат Қўшма Штатларда бу йилига 150 миллиондан 500 миллион долларгача тушади. Турбулентликда ўтказилган ҳар бир қўшимча дақиқа самолётнинг эскиришини, шунингдек, йўловчилар ва стюардессаларнинг жароҳат олиш хавфини оширади», деди тадқиқот муаллифларидан бири, метеоролог Марк Проссер.

Top