Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
НАТО Украинага қуролли кучларни модернизация қилишда ёрдам беради
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Киевга армияни модернизация қилишда ёрдам ҳақида ваъда берди. Альянс Украина армиясининг НАТО стандартларига ўтишига ёрдам беради, деди у.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украинага қуролли кучларини модернизация қилишда ёрдам ҳақида ваъда берди. «Литва пойтахти Вилнюсдаги саммитда иттифоқчилар Украинани НАТО стандартларига мослаштирадиган узоқ муддатли ёрдам пакетини қабул қилади», деди у 21 июнь, чоршанба куни Tagesspiegel газетасига берган интервьюсида.
«Бизнинг ёрдамимиз билан Украина ҳарбийлари совет услубидаги армиядан НАТО стандартлари бўйича ишлайдиган замонавий қуролли кучларга ўтишни таъминлай олади», - дейди Столтенберг.
Шимолий Атлантика альянси бош котиби Украина фронтларидаги сўнгги воқеаларни шарҳлар экан, Украинага кейинги ёрдам кўрсатиш муҳимлигини таъкидлади.
«Биз бир неча ой давомида ўз армиясини тайёрлаб, жиҳозлаган Украина яна ҳудудий муваффақиятларга эриша олганини кўриб турибмиз. Лекин бу қийин ҳудуд ва Россия армияси кучли мудофаа чизиғи, мина майдонлари ва танк тўсиқларини қурган. Украиналиклар учун олдинга силжиш осон эмас ва шунинг учун бизнинг ёрдамимиз жуда муҳим», - дея тушунтирди Столтенберг.
НАТОга аъзо 31 давлат вакиллари иштирокидаги саммит 11-12 июль кунларига мўлжалланган.