Ўзбекистон | 14:02 / 21.06.2023
12854
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда мис, олтин, кумуш, уран ишлаб чиқариш каррасига оширилади

Шунингдек, маҳаллий тадбиркорларга ҳам стратегик фойдали қазилма конларини бериш янада кенгайтирилади. Дунёда талаб ошиб бораётган, электромобиль, электротехника, яшил энергетика соҳалари учун муҳим бўлган литий, графит каби хомашёларни илк бор ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Фото: ЎзЛиДеП

Бу ҳақда ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев навоийлик сайловчилар билан учрашувда маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Номзоднинг келгуси етти йилдаги саноатни ривожлантиришга оид режаларига кўра:

  • “Навоий кон металлургия комбинати”да 3 миллиард 800 миллион долларлик 19 та лойиҳа амалга оширилади;
  • куни кеча 1-босқичи ишга туширилган “Пистали кони”нинг 2-босқичи ҳам йил якунигача фойдаланишга топширилиб, ушбу лойиҳа ҳисобига йилига қўшимча 4,4 тонна олтин ишлаб чиқарилади;
  • “Навоий уран”да 550 миллион долларлик 11 та лойиҳани амалга ошириш орқали уран захиралари 67 минг тоннадан 100 минг тоннага етказилади.

Умуман олганда, 2030 йилгача мис қазиб олиш 3,5 баробар, олтин – 1,5 баробар, кумуш – 3 баробар, уран – 3 баробарга оширилади”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг келтиришича, бутун дунёда талаб ошиб бораётган, электромобиль, электротехника, яшил энергетика соҳалари учун муҳим бўлган литий, графит каби хом ашёларни илк бор ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Жумладан:

  • Тошкент вилоятида йилига 8 минг тонна литий, Бухорода 50 минг тонна графит ишлаб чиқарилади;
  • Оҳангарондаги мис, Бекободдаги қора металл, Чирчиқдаги қишлоқ хўжалиги техникаси кластерларида 10 миллиард долларлик 46 та корхона барпо этилади;
  • келгуси етти йилда 60 минг квадрат километр майдонда геология-қидирув ишлари амалга ошириш учун бюджетдан 10 триллион сўм йўналтирилади;
  • бу йўналишга Канада, Франция, Австрия, Япония, Хитой, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари компанияларининг 2 миллиард доллар тўғридан тўғри инвестицияларини ҳам жалб қилинади.

Шунингдек, маҳаллий тадбиркорларга ҳам стратегик фойдали қазилма конларини бериш янада кенгайтирилади. Бу борада, шу йилнинг ўзида олтин, кумуш, вольфрам, кўмир ҳамда норуда конларга 500 та рухсатномалар берилади ҳамда бу ишлар келгуси йилларда 4 баробар оширилади.

Мавзуга оид