Жаҳон | 11:39 / 22.06.2023
5658
3 дақиқада ўқилади

Штайнмайер Қозоғистондаги «Ўрта йўлак» лойиҳасини қўллаб-қувватлади

Франк-Валтер Штайнмайернинг таъкидлашича, Осиё ва Европа ўртасидаги савдо алоқалари учун «Ўрта йўлак» лойиҳаси Россия ва Беларус орқали ўтадиган шимолий йўлга ва Эрон орқали ўтадиган жанубий йўлга муқобил бўлиши керак». 

Фото: AQORDA

Қозоғистонга икки кунлик давлат ташрифини якунлаган Германия федерал президенти Франк-Валтер Штайнмайер «Ўрта йўлак» (Транскаспий халқаро транспорт йўналиши, ТХТЙ) деб аталувчи йўналишни қўллаб-қувватлади. Германия давлати раҳбари унинг аҳамияти ҳақида 21 июнь, чоршанба куни Каспий денгизидаги Қурик паром портига ташрифи чоғида гапирди

Ишлаб чиқариш қуввати йилига 6 миллион тонна юк бўлган портни Штайнмайер «кичик, аммо нафақат маҳаллий аҳоли, балки Қозоғистон ва Германия, тўғрироғи, Осиё ва Европа ўртасидаги алоқалар учун муҳим» деб атади. «Украинадаги уруш натижасида юз берган геосиёсий ўзгаришлар Шарқ ва Ғарб, Осиё ва Европа ўртасидаги муносабатларни ўзгартиришни талаб қилади. Агар биз хавфсизлик нуқтайи назаридан юк ташиш учун ишончли шарт-шароитга эга бўлишни истасак, узоқ муддатда «Ўрта йўлак»ни кенгайтиришимиз зарур», – дея таъкидлади Германия президенти. Унга кўра, ТХТЙ «Россия ва Беларус орқали ўтадиган шимолий йўлга ва Эрон орқали ўтадиган жанубий йўлга муқобил бўлиши керак»

Ташрифнинг иккинчи кунида гап фақат юк ташиш ҳақида кетмади. Федерал президент таъкидлаганидек, «Қозоғистон дунёдаги энг истиқболли шамол зоналаридан бирида жойлашган, шунинг учун биринчи синов бурғилаш жараёнини кузатганимиздан жуда хурсандман, бунинг натижасида дунёдаги энг йирик шамол станцияларидан бири Қозоғистонда пайдо бўлади». Қозоғистоннинг ушбу мақсадлар учун ажратилган ҳудуди Бранденбург федерал ерига тенг. Бу ерда жуда катта миқдорда, тахминан 20 гигаватт электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган, бу тахминан 15-20 атом электр станциясига тенг. «Бу электр энергиясини «яшил» водород ишлаб чиқариш учун ҳам ишлатиш керак, кейинчалик у Европа саноатида қўлланилади. Бир сўз билан айтганда, гап 2032-2035 йилларда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган улкан лойиҳа ҳақида кетмоқда», - деди Штайнмайер. 

Ақтауда федерал президент янги Барқарор ривожланиш институтига тамал тошини қўйишда иштирок этди. Унинг иши Германия ва Қозоғистон компанияларига ҳам фойда келтиради, деди у. Штайнмайернинг сўзларига кўра, ҳар икки давлат ҳам келажак технологиялари соҳасида мутахассисларга муҳтож. «Уларнинг касбий келажаги порлоқ», деди у. Бошқа нарсалар қаторида, Штайнмайер яна Россияни четлаб ўтадиган «Ўрта йўлак» мавзусига қайтди. «Ушбу «Ўрта йўлак» лойиҳаси муваффақиятли бўлиши учун бизга яхши тайёрланган мутахассислар керак, – деди Германия президенти. 

Штайнмайер Германия-Қозоғистон университети ва Ақтау шаҳридаги Ш.Есенов номидаги Каспий давлат технология ва инжиниринг университети томонидан қўллаб-қувватланаётган янги институт сиёсий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Бу Германия ва Қозоғистон ўртасидаги келажакдаги ҳамкорлик учун намунавий лойиҳа, деб ҳисоблайди Германия президенти. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид