Жаҳон | 11:38 / 23.06.2023
5041
2 дақиқада ўқилади

Моди ва Байден Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлади

Украинадаги уруш глобал иқтисодий тизимга тобора кўпроқ таъсир қилмоқда, дейилади АҚШ ва Ҳиндистон раҳбарлари баёнотида. Мамлакатлар Украина халқига кейинги инсонпарварлик ёрдамини ваъда қилди.

Фото: ANI

АҚШ президенти Жо Байден ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаб, ҳарбий можаро ва унинг «даҳшатли ва фожиали оқибатларидан» чуқур хавотир билдирди. 22 июнь, пайшанба куни Вашингтонда Байден-Моди учрашуви якунлари бўйича қўшма баёнотга кўра, иккала сиёсатчи ҳам «халқаро ҳуқуқ, БМТ Низоми тамойиллари ҳамда ҳудудий яхлитлик ва суверенитетни ҳурмат қилишга чақирди».

«Раҳбарлар урушнинг глобал иқтисодий тизимга, жумладан, озиқ-овқат, энергетика хавфсизлиги ва муҳим таъминот занжирларига жиддий ва ортиб бораётган таъсирини таъкидлади. Улар уруш оқибатларини юмшатиш, айниқса, ривожланаётган мамлакатларда саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақирди», дейилади ҳужжатда. Қайд этилишича, Вашингтон ва Нью-Деҳли «Украина халқига инсонпарварлик ёрдамини давом эттириш мажбуриятини олади».

Оқ уйда Жо Байден билан қўшма матбуот анжуманида сўзга чиққан Нарендра Моди, шунингдек, Украинада тинчлик ўрнатишга ваъда берди. «Украинадаги воқеалар бошиданоқ Ҳиндистон низоларни ҳал қилиш, мулоқот ва дипломатияга урғу берди, - деди у. - Биз тинчликни тиклаш учун қўлимиздан келган барча ҳиссани қўшишга тўлиқ тайёрмиз».

Нарендра Моди 20 июнь куни давлат ташрифи билан АҚШга келди. Нью-Йоркда у БМТ штаб-квартирасига ташриф буюрди, шундан сўнг Байден ва бошқа расмийлар билан учрашиш учун Вашингтонга жўнади.

Унинг ташрифи катта сиёсий аҳамиятга эга, дея таъкидлайди AFP, чунки Қўшма Штатлар Ҳиндистонни Хитойга қарши мувозанат сифатида кўради ва уни Россия билан муносабатларни узишга ундамоқчи. Ҳиндистон ҳозирча Украинадаги урушни бевосита танқид қилишдан ўзини тийиб турибди. Шу билан бирга, Нью-Деҳли Москва билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамламоқда, хусусан, Россия нефтини харид қилишни оширган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид