Жаҳон | 11:43 / 23.06.2023
11402
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: «Вагнер» ХҲК «ҳарбий полиция» учун ходимлар ёллаяпти

Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудларида ишлаш учун ёлланма аскарлар «тезкор ишлар ва ҳибсга олиш тажрибасига эга бўлган ва комендантлик функцияларини бажаришга қодир» собиқ махсус кучлар ходимларини қидирмоқда.

22 июнь, пайшанба куни «Вконтакте» ижтимоий тармоғидаги «Вагнер» ХҲК саҳифасида «оператив ишлар ва ҳибсга олишда тажрибага эга, комендантлик функцияларини бажаришга қодир» собиқ полиция махсус бўлинмалари ходимларини ишга олиш тўғрисида эълон пайдо бўлди. «Верстка» нашри бунга эътибор қаратди.

Журналистлар эълонда кўрсатилган телефон рақамларидан бирига қўнғироқ қилди. Ўзини Денис деб таништирган ХҲК ишга ёлловчиси уларга ёлланма аскарлар учун бундай бўш иш ўринлари биринчи марта пайдо бўлганини айтди. «Биз тезкор ходимлардан комендант полкни шакллантирмоқчимиз. Уни ҳарбий полиция деб атаймиз», деди у. Хизмат Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудларида амалга оширилади. 

Ишга ёлловчи бўлажак «иш»нинг моҳиятини ҳам тушунтириб берди. «Сиз ҳамма компания қоидаларига риоя қилишига ишонч ҳосил қилишингиз керак бўлади. Ўғрилар ва талончилар йўқлигига, ҳеч қандай калтаклаш, мастлик ва ҳоказоларга. Шунингдек, [вазифалар] диверсия-разведка гуруҳларини аниқлаш бўйича тезкор топшириқни ўз ичига олади. Албатта, диверсия-разведка гуруҳлари билан ишлаш ҳам киради: сўроқлар, тезкор тергов, тезкор иш», деди у. Шу билан бирга, янги «ҳарбий полиция» ходимлари «Вагнер» ХҲК қоидалари Россия Мудофаа вазирлигининг бошқа «кўнгиллилари» ва ҳарбий хизматчилари томонидан бузилмаслигини таъминлаши керак. Ишга қабул қилувчининг сўзларига кўра, улар «ваколатларга эга». «Мудофаа вазирлиги ходимини қўлга олиш мумкин. У ерда маст-аласт мудофаачилар кўпайиб кетган», - дейди у. 

«Ҳарбий полиция» ходимининг маоши, ваъдаларга кўра, ойига 240 минг рубл ва «жуда яхши» бонуслардан иборат бўлади. Қайсидир бир аниқ эгаллаб олинган ҳудудда хизмат қилишни танлаш мумкин эмас. «Сиз пионерлар лагерида эмассиз, қаерга юборишса - ўша ерда ишлайсиз», деди «Вагнер» ХҲК ишга ёлловчиси. 

2023 йил апрелида Европа Иттифоқи «Вагнер» ХҲКга қарши «Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига таҳдид солувчи ёки бузғунчи ҳаракатлар» учун санкциялар киритди, дейилади ЕИ расмий журналида. Ушбу хусусий ҳарбий компаниянинг Европа Иттифоқи ҳудудидаги активлари музлатиб қўйилган, шунингдек, Европа Иттифоқи ушбу ташкилотга маблағ ва иқтисодий ресурслар тақдим этишни тақиқлаган. 

Мавзуга оид