Жаҳон | 23:23 / 23.06.2023
25376
4 дақиқада ўқилади

«Қримга қуролли босқин бўлмаган» - Обама 2014 йилги воқеаларга баҳо берди 

АҚШ собиқ президенти 2014 йилда Россия Қримга босқин қилмаганини айтди, шунингдек, Россия билан фаол ҳамкорлик қилган Ангела Меркел ёнини олди.

Фото: CNN

АҚШ собиқ президенти Барак Обама 2014 йилда Россия Украина таркибига кирувчи Қримни аннексия қилгани ва шу тариқа халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузгани билан боғлиқ воқеаларга баҳо берди. 

CNN телеканалига берган интервьюсида у Украина 2014 йилда «бугун биз гапираётган Украина эмас»лигини таъкидлади. 

«Қримга қуролли босқин бўлмаганининг сабаби бор. Чунки Қримда русийзабонлар кўп эди ва Россия ифодалаган қарашларга маълум даражада хайрихоҳлик бор эди. Ҳатто Олий Рада вакиллари ичида Россияга хайрихоҳлар бор эди. Украинадаги сиёсат мураккаброқ эди», деди Обама. 

Шунингдек, Обама Германия канцлери сифатида Россия билан фаол ҳамкорлик қилган Ангела Меркел ёнини олди. 

«Мен ва ўзим жуда ҳурмат қиладиган Меркел ҳам Путиннинг Донбасс ва Украинанинг қолган қисмига босқинини давом эттиришига йўл қўймаслик учун ваҳима ичида бўлган бошқа кўплаб европаликларни санкциялар киритишга кўндиришимизга тўғри келди. Украина қандай босқичда экани ва Европадаги кайфият қандай экани инобатга олинса, биз сарҳадларни сақлаб қола олдик. Шундан кейин Украина ўзига хослигини, Россиядан алоҳида эканини англади ва босқинчиларни қувиб чиқариш қатъияти пайдо бўлди», деб қўшимча қилди Обама. 

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Обаманинг шов-шувли баёнотига муносабат билдирди. У америкалик сиёсатчини Украина ҳудудларини Россия томонидан босиб олинишини «легаллаштиргани» учун қоралади. 

«Ҳайратдаман. Муҳими, нега? Агар Барак Обама Россиянинг 2014 йилда Қримни аннексия қилишини ... «қонуний ва асосли» деб очиқ эълон қилса, бугунги кунда Европада Россиянинг кенг кўламли тажовузи кузатилаётгани, юз минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган йирик босқинчилик уруши кетаётгани ажабланарли эмас. Ва «халқаро ҳуқуқ» ҳам деярли амалда мавжуд эмаслиги, халқаро институтлар тажовузкорга урушни тарғиб қилиш учун ўз трибунасидан фойдаланишга имкон бераётгани, бизнес эса шунчаки бизнес экани, унга Россияни тарк этиш шартмаслиги, Россия ракеталари учун чипларни оммавий сотиш мумкинлигига ҳайрон қолмаса ҳам бўлаверади», деб ёзди у. 

Шу билан бирга, у Россиянинг ҳозирги режими урушдан олдинга «Ғарб сиёсати»нинг кўриниши эканини таъкидлади. 

«Балки, янги баҳоналарни ўйлаб топишдан кўра, жиддий хатоларни тан олишни бошлаш вақти келгандир?», деди Подоляк. 

2014 йил февралида Россия қўшинлари Қрим ҳудудига бостириб кириб, 16 март куни у ерда ноқонуний референдум ўтказди. Ўзини Қрим ҳукумати деб эълон қилганлар баёнотига кўра, референдум иштирокчиларининг 96,77 фоизи Қримнинг Россия таркибига қўшилиши тарафдори эканини маълум қилди. 

Украина Олий Радаси 2014 йил 20 февралда Қримнинг вақтинчалик босиб олиниши бошланганини расман эълон қилди. Ўшанда Ғарб давлатлари Россияга қарши санкциялар жорий этиб, яриморолни Россияники деб тан олишдан бош тортган эди.

Мавзуга оид