Жаҳон | 09:40
350
3 дақиқада ўқилади

NYT ОАВ учун жорий этилган чекловлар сабаб Пентагонни судга берди

The New York Times газетаси Пентагонни судга берди, чунки ҳарбий идора ходимлари билан ишловчи журналистлар учун жорий қилинган янги қоидалар АҚШ конституциясини бузишини таъкидламоқда. Ҳокимият вакиллари эса бу янгиликларни «маълумот сизиб чиқишидан ҳимоя чораси» деб атади.

Фото: REUTERS

The New York Times (NYT) газетаси пайшанба куни, 4 декабрда, Вашингтондаги Округ судига АҚШ Мудофаа вазирлиги (Пентагон)га қарши даъво аризаси киритди. Нашр унда журналистларнинг Пентагон штаб-квартирасига кириш тартибини белгилайдиган янги қоидалар конституциянинг матбуот эркинлигини, жумладан, биринчи тузатишини бузишини таъкидламоқда. Бу ҳақда газета даъво аризаси расман юборилишидан бир неча соат олдин чоп этган мақоласида хабар берди.

NYT’нинг ёзишича, октябр ойидан кучга кирган Пентагоннинг ички қоидалари мухбирларни 21 бетлик ҳужжатни имзолашга мажбур қилади. У, хусусан, манбалар билан мулоқот ва материал тайёрлаш учун маълумот сўраб юбориладиган расмий сўровномаларга чекловлар жорий этади. Газета фикрича, ҳарбий идоранинг мақсади — «тарихан матбуот учун очиқ бўлган» соҳаларни журналистлар учун ёпиш, яъни «вазирлик ва унинг раҳбарияти фаолиятини қўрқмасдан ва холис ўрганиб, ёритиб борадиган» мухбирлар имкониятларини қисқартиришдир.

NYT суддан Пентагонга оммавий ахборот воситаларига нисбатан янги қоидаларни қўллашни тақиқлашни, шунингдек, биринчи тузатишни бузадиган барча бандларни ноқонуний деб эълон қилишни сўрамоқда. Масалан, газета журналистларга «давлат хизматчиларига махфий ҳукумат маълумотларини бериб, қонунни бузишга чорлаш»ни тақиқловчи пунктга рози эмас. Нашрнинг таъкидлашича, бундай чекловлар «қонунли, одатий хабар тўплаш усуллари»ни қўллашга йўл бермайди.

Октябр ойида ҳарбий идора ўз объектларига кириш «имтиёз» эканини ва уни ҳам тартибга солиш зарурлигини билдирган эди. Пентагон вакиллари янги қоидалар «миллий хавфсизликка зарар етказувчи <...> маълумот сизиб чиқишларининг олдини олишга қаратилган»лигини таъкидлаган.

NYT’нинг ёзишича, турли нашрларда ишловчи ўнлаб журналистлар янги талабларга итоат этмасликка қарор қилиб, ўз бейжлари (кириш гувоҳномалари)ни топширган. Айрим ОАВ қоидаларни ошкора равишда танқид қилди. «Бу сиёсат жаҳон амалиётида мисли кўрилмаган ва журналистларни ҳимоя қилувчи асосий воситаларга таҳдид солади», — дейилган ABC News, CBS News, CNN, Fox News ва NBC News қўшма баёнотида.

Шунингдек, NYT бошқа янгилик нашрлари билан биргаликда жамоавий даъво киритиш имкониятини муҳокама қилган, бироқ охир-оқибат «ўзи алоҳида ҳаракат қилишга қарор қилган».

Феврал ойида, биринчи навбатда, январ охирида вазир лавозимига тайинланган Пит Ҳегсет Пентагонда узоқ йиллардан бери иш юритиб келган айрим ОАВни (улар орасида NYT ҳам бор) махсус бюроларидан маҳрум қилди. Улар ўрнига консервативроқ медиа — масалан, Newsmax ва Breitbart News онлайн-нашрлари жойлаштирилди.

Май ойида эса Ҳегсет журналистларга Пентагоннинг аксарият бинолари ичида махсус ҳамроҳликсиз юришни тақиқловчи буйруқ чиқарди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид