21:59 / 01.07.2023
23467

Ўзбекистонлик режиссёр дунёдаги энг нуфузли кинофестивалда ғолиб деб топилди

Шокир Холиқовнинг “Якшанба” фильми Шанҳай халқаро кинофестивалида энг яхши фильм деб топилди ҳамда бош мукофот – олтин кубок билан тақдирланди.

Фото: shine.cn

XXV Шанҳай халқаро кинофестивали доирасида режиссёр Шокир Холиқовнинг “Якшанба” фильми премьераси бўлиб ўтди. Ушбу фильм “Осиёнинг янги истеъдодлари” номинацияси бўйича энг яхши фильм деб топилди ҳамда кинофестивалнинг бош мукофоти – олтин кубок билан тақдирланди.

Фото: Шокир Холиқов

Оилавий драмада чекка қишлоқда тинч-тотув ҳаёт кечираётган чол-кампирнинг фарзандлари билан муносабатлари акс этган. Тўнғич ўғил ота-онасига яқин жойда, кенжаси эса бошқа давлатда ишлайди. Фильм икки авлод ўртасидаги зиддиятлар ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Шокир Холиқов

Шанҳай халқаро кинофестивали дунёнинг А тоифадаги 10 та, Осиё миқёсида эса Пусан ва Токио кинофестивалларидан кейин учинчи ўринда турувчи энг нуфузли кинотанловлардан биридир. У 1993 йилдан буён 2001 йилгача ҳар икки йилда бир марта, 2002 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинади.

Фестивалда “Панорама” (у қисқа метражли, тўлиқ метражли, ҳужжатли ва анимацион фильмларни ўз ичига олади), “Осиёнинг янги истеъдодлари” (унда тўлиқ метражли фильмлар қатнашади, асосан дебют ишлар қабул қилинади), “Махсус намойишлар” (унда фестивал ташкилотчилари томонидан танлаб олинган турли давлатларнинг тарихий ва замонавий фильмлари иштирок этади) деб номланган учта йўналиш бор.

Таъкидлаш керакки, ўзбек фильми ушбу донгдор халқаро кинофестивалда илк марта иштирок этди. Шокир Холиқов илк уринишдаёқ олий мукофотни қўлга киритди.

Фото: shine.cn

 

Шокир Холиқов 1992 йилда Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида туғилган. Ёш режиссёр шу пайтгача Франция, Япония, Туркия, Ҳиндистон, Россия, Македония, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда бўлиб ўтган қисқа метражли филмлар халқаро кинофестивалларида ғолиб бўлган.

Top