Жаҳон | 08:22 / 03.07.2023
14046
2 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги Пригожиннинг "Конкорд" компанияси билан шартномани бекор қилди

23 июндан буён "Конкорд" ҳолдингида ҳужжатлар йўқ қилиняпти, унинг ходимлари эса товон пулисиз ишдан бўшатиляпти, дея хабар берди ОАВ.

Фото: Юрий Белинский/ТАСС

"Вагнер" ХҲК эгаси Евгений Пригожинга тегишли бўлган ва армия учун озиқ-овқат етказиб бериш билан шуғулланадиган "Конкорд" корхоналари гуруҳи ходимлари ҳолдинг ва Россия Мудофаа вазирлигининг қуйи ташкилотлари ўртасидаги шартномалар бузилганлиги сабабли товон пулисиз ишдан бўшатилди. Бу ҳақда 2 июл, якшанба куни "Осторожно, новости" Telegram-канали маълум қилди. Ҳозирча бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ.

Лойиҳа манбасига кўра, 23 июндан - "Вагнер" ХҲК исёни бошланган кундан - "Конкорд" ҳолдинги корхоналари узилишлар билан ишламоқда ва "текширувларни кутишмоқда, ҳозирда раҳбарият буйруғи билан ҳужжатларни йўқ қилишмоқда". Пригожиннинг асосий активлари билан боғлиқ ҳолдинг бошқа шахсга ўтиши тахмин қилинган эди, аммо 1 июл куни корхона ходимлари ишдан бўшатилганлиги тўғрисида хабардор қилинди.

Россиянинг турли минтақаларидаги кўплаб юридик шахсларни ўз ичига олган ҳолдинг бир неча минг ходимни иш билан таъминлайди, дея қайд этади "Осторожно, новости". Уларнинг барчаси, лойиҳага кўра, фақат “ўз хоҳишига кўра ариза билан” ва товон пули тўланмасдан ишдан бўшатилади. Бу ҳақдаги маълумотлар ходимларга оғзаки етказилди.

Пригожиннинг исёнидан кўп ўтмай, Россия тадбиркорнинг корхоналари - "Вагнер" ХҲК ва "Конкорд" компанияларига ҳомийлик қилганини тан олди. Биргина ўтган йилнинг ўзида ҳолдинг “армияга овқатланиш хизматларини кўрсатиб”, давлатдан 80 миллиард рубл олган. Кейинчалик, Россия телевидениесидаги "Вести недели" дастурининг эфирида "Вагнер" ХҲК давлат билан тузилган шартномалар бўйича 858 миллиард рубл олгани, "Конкорд" 845 миллиард рубллик хизматлар кўрсатгани эълон қилинди.

Мавзуга оид