20:27 / 03.07.2023
30796

Шойгу биринчи марта Пригожиннинг қуролли исёни ҳақида фикр билдирди 

У ушбу воқеаларни Россиядаги вазиятни беқарорлаштиришга уриниш ва провокация деб атади. 

Фото: Россия мудофаа вазирлиги

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу 24 июнь куни «Вагнер» асосчиси Евгений Пригожин томонидан уюштирилган қуролли исён ҳақида илк бор изоҳ берди. Унинг селектор йиғилишидаги нутқини Мудофаа вазирлиги келтирди. 

Мулозим ушбу воқеаларни Россиядаги вазиятни беқарорлаштиришга уриниш ва провокация деб атади. Шойгу сўзларига кўра, исёнчиларнинг режалари барбод бўлган, чунки Қуролли кучлар шахсий таркиби «қасамёд ва ҳарбий бурчга содиқлик кўрсатган». Бу воқеалар қўшинлар гуруҳлари ҳаракатларига таъсир қилмади, деди Шойгу. 

Мудофаа вазири исён содир бўлган кундан бери омма олдида гапирмаган эди. 

Пригожин 23 июнь куни Москва томон «адолат марши»ни эълон қилди, 24 июнь куни эрталаб «вагнерчилар» Ростов шаҳридаги бир қатор маъмурий ва ҳарбий биноларни назоратга олди. У «юришдан» мақсад Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовни «қўлга олиш эканини» айтди. 

Владимир Путин буни қуролли исён, хиёнат ва орқадан пичоқ уриш деб баҳолади. 

24 июнь куни кечқурун Пригожин юришни тўхтатгани, «Вагнер» жангчилари дала лагерларига қайтишини эълон қилди. 

Кейинроқ, Кремль Лукашенко воситачилигида Пригожин билан келишиб олинганини маълум қилди. Унга нисбатан очилган жиноят иши тугатилди ва Беларусга кетишига рухсат берилди. 

Мавзу
Пригожин исёни
23 июн куни кечқурун «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин РФ мудофаа вазирлигини вагнерчиларга ҳужум қилишда айблаб, «адолат марши» эълон қилди. 24 июн куни унинг қўшини Ростовни эгаллаб, Москва томон йўлга тушди.
Барчаси
Top