Жаҳон | 10:52 / 03.07.2023
5214
2 дақиқада ўқилади

Twitter мавжуд постлар сонига вақтинчалик чеклов жорий қилди

Тасдиқланган фойдаланувчилар кунига вақтинча 10 000 твитгача, тасдиқланмаган фойдаланувчилар эса 1 000 тагача твит ўқиши мумкин, деб хабар берди сервис эгаси Илон Маск.

Фото: Getty images

Twitter микроблоглар хизмати фойдаланувчиларга ўқиш учун тақдим этиладиган постлар сонига вақтинча чекловлар жорий қилади. Twitter эгаси Илон Маскнинг 2 июл, якшанбага ўтар кечаси тушунтиришича, тасдиқланган аккаунтга эга фойдаланувчилар маълум вақт давомида кунига 10 000 тагача твит ўқиши мумкин бўлади. Тасдиқланмаган фойдаланувчилар учун кунига мавжуд постлар сони 1000 тагача чекланади. Тасдиқланмаган аккаунтга эга янги фойдаланувчилар кунига атиги 500 тагача твит ўқий олади.

Бироз олдинроқ, 1 июл оқшомида Маск тасдиқланган фойдаланувчилар учун ўқиш мумкин бўлган твитлар сони кунига 6000 тани, тасдиқланмаган фойдаланувчилар учун 600 тани ва тасдиқланмаган аккаунтга эга янги фойдаланувчилар учун 300 тани ташкил этишини маълум қилган эди.

Бундай вақтинча чекловлар "маълумотлар жосуслиги ва тизимни манипуляция қилишнинг экстремал даражаларига" қарши туриш учун керак, деди Маск қўшимча тушунтиришларсиз.

Twitter'ни сотиб олгандан сўнг, Илон Маск фойдаланувчининг ҳақиқийлигини кўрсатадиган кўк белгини олиш қоидаларини ўзгартирди. Энди у пулли обуна учун рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар учун пайдо бўлади. Айни пайтда, шахс ҳақиқийлигини текшириш йўқ, фақат аккаунт билан боғлиқ телефон рақами тасдиқланади, дея таъкидлайди танқидчилар.

Кўпгина Twitter фойдаланувчилари ўқиш учун мавжуд твитлар сонига чекловлар жорий этилиши билан боғлиқ янгиликка ўта салбий муносабат билдирди. Шу тариқа, сервиснинг немис тилида сўзлашувчи сегментида номи “Тинч ором ол, Twitter” деб таржима қилиниши мумкин бўлган #RIPTwitter ҳэштеги кенг тарқалди.

Мавзуга оид