Ўзбекистон | 22:32 / 04.07.2023
33095
3 дақиқада ўқилади

БМТ «Эл-Нинё» қайтганини эълон қилди, янги ҳарорат рекордлари кутилмоқда

Тинч океанининг тропик қисмида етти йил ичида биринчи марта «Эл-Нинё» шароити юзага келди. Бу эса глобал ҳароратнинг кескин ошиши ва об-ҳаво билан иқлимнинг ҳалокатли шароитларига замин яратади.

Фото: AP

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон Метеорология Ташкилоти (WMO) «Тинч океанининг тропик қисмида етти йил ичида биринчи марта «Эл-Нинё» шароити юзага келганини» эълон қилди. Бу эса глобал ҳароратнинг кескин ошиши ва об-ҳаво билан иқлимнинг ҳалокатли шароитларига замин яратади.

Июнь ойи бошида АҚШ олимлари ҳам «Эл-Нинё» қайтиши ҳақида хабар берган эди.

«Эл-Нинё» (испанча – болакай) об-ҳаво феномени ўртача 2-7 йилда бир марта содир бўлади ва одатда 9 ойдан 12 ойгача давом этади. Бу Тинч океани марказий ва шарқий тропикларида сув юзасидаги ҳароратнинг кўтарилиши билан боғлиқ иқлим режими ҳисобланади. Аммо бу инсон фаолияти натижасида ўзгарган иқлим шароитида ҳам содир бўлади.

WMO 2023 йил иккинчи ярмида «Эл-Нинё» ҳодисаси давом этишининг эҳтимолини 90 фоизга баҳоламоқда. У камида ўртача кучга эга бўлиши кутилмоқда.

«Эл-Нинё»нинг бошланиши дунёнинг кўплаб қисмлари ва океан минтақаларида ҳарорат рекордлари ва ҳаддан ташқари иссиқ об-ҳаво шароити эҳтимолини сезиларли даражада оширади», деди WMO бош котиби, профессор Петтери Таалас. Бу феномен билан боғлиқ экстремал об-ҳаво шароитлари ҳақидаги огоҳлантиришлар ҳаёт ва тирикчилик воситаларини сақлаб қолиш учун жуда муҳимдир. 

WMO ҳисоботига кўра, 2016 йил «Эл-Нинё»нинг «қўш зарбаси» туфайли рекорд даражадаги иссиқ йил бўлди. Одатда глобал ҳароратга таъсир Эл-Нинё ҳодисасидан кейин бир йил ичида намоён бўлади, «шунинг учун 2024 йилда унинг таъсири энг сезиларли бўлиши мумкин». 

«Эл-Нинё» ҳодисаси Жанубий Американинг жанубида, АҚШ жанубида, Африка «шохи» ва Марказий Осиёда ёғингарчиликнинг кўпайиши билан боғлиқ. Аксинча, Австралия, Индонезия, Жанубий Осиёнинг бир қисми, Марказий Америка ва Жанубий Америка шимолида кучли қурғоқчиликка олиб келиши мумкин. Ёзда «Эл-Нинё» туфайли илиқроқ сув Тинч океанининг марказий ва шарқий қисмида довулларни қўзғатади ва шу билан бирга Атлантика ҳавзасида бўронлар пайдо бўлишининг олдини олади. 

Олимлар хавотирига кўра, бу сафар «Эл-Нинё» сайёрамиздаги ўртача ҳароратнинг 1,5 даражага ошишига олиб келиши мумкин. Бу эса турли оқибатларни, жумладан иқтисодий муаммоларни келтириб чиқади. Таққослаш учун: 1997–1998 йилларда «Эл-Нинё» дунё иқтисодиётига 5 трлн доллар зарар келтирди. Ушбу ҳодиса оқибатида юзага келган бўронлар ва сув тошқинлари 23 мингга яқин киши ҳаётига зомин бўлди.

Мавзуга оид