Ўзбекистон | 08:50 / 04.07.2023
1921
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Малайзия иштирокида қўшма клиника очилади

Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Малайзия соғлиқни сақлаш вазири Залиҳа Мустафа билан Куала-Лумпурда учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Музокаралар жараёнида ҳамкорлик истиқболлари, жумладан соғлиқни сақлаш соҳасида илғор тажриба алмашиш, республика мутахассисларининг Малайзияда малакасини ошириш, ўзаро методологик кўмак кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди.

Залиҳа Мустафа ҳамкорлик алоқаларини турли йўналишларда жадаллаштириш ва бунинг учун ҳуқуқий базани ривожлантиришга тайёрлигини таъкидлади. У жорий йилнинг март ойида Куала-Лумпурда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Малайзия миллий юрак институти ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланганини ижобий баҳолаб, уни амалий лойиҳалар билан бойитиш кераклигини маълум қилди. 

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Малайзия Соғлиқни сақлаш вазирликлари, етакчи ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва ўқув муассасалари ўртасида ҳамкорликни жадаллаштириш, республика мутахассисларининг малакасини ошириш ва замонавий даволаш методикалари бўйича илғор тажриба алмашиш, қўшма тадқиқотлар амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази шифокорларини август ойида Куала-Лумпурга стажировкага юбориш ҳамда октябрь ойида Тошкент шаҳридаги Халқаро кардиологлар илмий-амалий конференциясида Малайзия юрак институти вакилларининг иштирок этиши режалаштирилди.

Малайзиянинг етакчи тиббиёт муассасалари ва фармацевтика компанияларини жалб этган ҳолда Ўзбекистонда қўшма клиника очиш ва фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш имкониятларини ўрганишга келишиб олинди.

Мавзуга оид