Жаҳон | 10:06 / 05.07.2023
8557
2 дақиқада ўқилади

БМТ: Беларусда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият «фалокатли»

БМТ махсус маърузачиси янги ҳисоботига кўра, Беларусда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашишда давом этмоқда.

Минскда қўлга олинган намойишчи / Фото: Getty Images

Беларусда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият, БМТга кўра, «фалокатли» ва тобора ёмонлашмоқда. Беларус раҳбари Александр Лукашенко режими фуқаролик жамиятидаги сўнгги мухолифатчиларга қарши мақсадли курашмоқда, деди БМТнинг Беларус бўйича махсус маърузачиси Анаис Марен 4 июль, сешанба куни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 53-сессиясида ўзининг янги ҳисоботини тақдим этар экан.

«Вазият фалокатли бўлиб қолмоқда. Афсуски, у ёмонлашишда давом этмоқда», - деди Марен. Унинг сўзларига кўра, Беларус қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар сиёсий сабабларга кўра жиноий таъқиблар ва жазоларнинг кескин ошишига олиб келди. «Инсон ҳуқуқлари бузилгани учун жавобгарликнинг йўқлиги қурбонлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида қўрқув муҳитини юзага келтирмоқда», — деди француз эксперти.

Марен икки йил олдин у Инсон ҳуқуқлари кенгашини Минскда «тоталитар бурилиш» ҳақида огоҳлантирганини эслади, буни 2020 йилда намойишларни бостириш пайтида «инсон ҳаёти ва қадр-қимматини менсимаслик» исботлайди. 1500 дан ортиқ одам сиёсий айбловлар билан ҳибсда қолмоқда. 2020 йилдан бери кунига ўртача 17 та ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар содир бўлди, деди у йиллик ҳисоботида.

«Беларусда 2020 йилда ўн минглаб тинч намойишчиларнинг ўзбошимчалик билан қўлга олингани, шунингдек, уларнинг кўпчилиги зўравонлик ва қийноқларга учрагани учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмади», деди Анаис Марен.

Мавзуга оид