16:21 / 06.07.2023
38498

Лукашенко Пригожин қаерда эканини айтди

Фото: 24 Канал

«Вагнер» асосчиси Евгений Пригожин ҳозирда Беларус ҳудудида эмас. Бу ҳақда Александр Лукашенко хорижий журналистлар билан ўтказилган матбуот анжуманида айтди.

«Вагнер» асосчиси Евгений Пригожин 23 июн куни амалга оширилган ҳарбий исёндан кейин айнан Лукашенко билан музокара ўтказган ва қўшинларини ортга қайтарганди. Ўша музокаралардан кейин Россия ҳукумати Пригожин устидан очилган жиноий ишни бекор қилган ва унга ўз армияси билан бирга Беларусга кетишга имкон берилганди.

Журналистлар Лукашенкодан «Вагнер» жангчилари ҳозир қаерда жойлашгани ҳақида сўрашди. Аммо Лукашенко вагнерчилар мамлакат ҳудудида бор ёки йўқлигига ойдинлик киритмади.

«Мен жуда жиддий жангчилар деб ҳисоблайдиган «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчилари ҳозир ўз лагерларида. Яъни, фронтдан чиқарилганидан кейин юборилган доимий лагерларида. Улар даволаниш, тикланиш ва ротация каби бундай урушлар учун табиий жараёнларни амалга оширишмоқда.

Бахмут [учун жанглар]дан кейин улар ўша лагерга юборилган ва ҳозир ҳам ўша ерда. Пригожин эса Петербургда. Балки бугун тонгда у Москвага боргандир, балки яна бошқа жойга. Аммо у ҳозирда Беларус ҳудудида эмас», деган Лукашенко Пригожин ҳақида.

ОАВдаги хабарларга кўра, «Вагнер» бўлинмалари олиб кетилган лагер Могилев области ҳудудида жойлашган.

Top