Жаҳон | 09:56 / 07.07.2023
4564
3 дақиқада ўқилади

Прага ва София Зеленскийга НАТОга аъзолик йўлида ёрдам ҳақида ваъда берди

Зеленский Прагада Чехия президенти Петр Павел ва бош вазир Петр Фиала билан музокаралар ўтказди. Куннинг иккинчи ярмида Украина раҳбари Софияда ҳам шундай учрашувлар ўтказди.

Володимир Зеленский ва Петр Павел / Фото: AP

Украина президенти Володимир Зеленский 6 июль, пайшанба куни кечқурун Чехияга келди. Ташрифдан мақсад Чехия президенти Петр Павел, бош вазир Петр Фиала ва парламент вакиллари билан Киевни янада қўллаб-қувватлаш бўйича «моҳиятли музокаралар» ўтказишдир, деди Зеленский Twitter’да. Шунингдек, Литвадаги бўлажак НАТО саммити, Европа интеграцияси ва Украинани урушдан кейинги тиклаш масалалари ҳам муҳокама қилинади, дейилади хабарда.

Зеленский келаси ҳафта НАТО саммитида Украинанинг Шимолий Атлантика альянсига аъзолиги ҳақида аниқ хабар берилишини кутмоқда. «Бизни НАТОга таклиф қилишларини истаймиз», деди у Прагада чехиялик ҳамкасби билан учрашувдан кейин. Шу билан бирга, Зеленский альянснинг барча аъзоларининг қўллаб-қувватлашини олиш учун «қийинчиликлар»ни тушунишини таъкидлади. 

Павел, ўз навбатида, Украинанинг НАТОга қўшилиши бўйича музокараларни уруш тугаганидан сўнг дарҳол бошлаш тарафдори эканлигини айтди. «Бу бизнинг хавфсизлигимиз, минтақавий барқарорлик ва иқтисодий фаровонлик манфаатларига ҳам жавоб беради», деди у. Унга кўра, Чехия жорий йилда Украинанинг ЕИга кириши бўйича музокараларни бошлаш устида иш олиб боради. 

НАТО собиқ генерали Петр Павел апрель ойида Словакия президенти Зузана Чапутова билан Киевга ташриф буюрган эди. Dpa агентлигига кўра, Чехия Украинанинг энг принципиал иттифоқчиларидан бири ҳисобланади. Биргина жорий йилнинг январь-май ойларида Прага Киевга 24 та танк, 76 та бронетранспортёр ва 16 та зенит қурилмалари, шунингдек, 57 мингта артиллерия снарядлари ва бошқа материаллар, шу жумладан эҳтиёт қисмлар ва ядровий, биологик ва кимёвий қуроллардан ҳимоя воситаларини топширди.

Куннинг иккинчи ярмида Украина президенти Болгария пойтахти Софияга ҳам ташриф буюрди ва у ерда давлат раҳбари Румен Радев ва бош вазир Николай Денков билан учрашди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, учрашувда Денков Украина мудофааси, украиналик ҳарбий хизматчиларни даволаш ва реабилитация қилиш ҳамда тиббиёт ходимларини тайёрлаш бўйича ҳамкорликни кучайтириш бўйича келишувга эришган. Бундан ташқари, ҳар икки давлатнинг тегишли вазирлари энергетика соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид