Жаҳон | 21:18 / 08.07.2023
18933
2 дақиқада ўқилади

Байден Путин билан учрашган Хитой раҳбарини огоҳлантирганини айтиб берди

АҚШ президенти унга Хитой иқтисодиёти Ғарб сармояларига боғлиқ эканини эслатган.

Фото: REUTERS/Kevin Lamarque

2023 йил март ойида Хитой раҳбари Си Жинпинг Россия президенти Владимир Путин билан учрашган эди. Шундан сўнг, АҚШ президенти Жо Байден уни «эҳтиёт бўлишга» чақирган. Бу ҳақда CNN телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Россия Украинага бостириб кирганидан бери 600 та АҚШ компанияси Россияни тарк этди. Иқтисодиётингиз Европа ва Америка Қўшма Штатлари сармояларига боғлиқлигини айтгансиз. Демак, эҳтиёт бўлинг. Эҳтиёт бўлинг, бу таҳдид эмас. Бу шунчаки кузатув», деган АҚШ президенти Хитой раисига.

Си бунга қандай жавоб бергани ҳақидаги саволга Байден шундай деди: «У тинглади ва баҳслашмади. Ва агар эътибор берган бўлсангиз, у Россия тўғрисида гапирмади».

Хитой раҳбари Си Жинпинг АҚШ президенти Жо Байден билан бўлган ушбу суҳбат мазмуни ҳақида ҳозирча маълумот бермаган.

Март ойида Путин ва Си икки кунлик музокара ўтказди. Унда Хитой ва Россия ўртасидаги дўстлик ҳақида илиқ сўзлар айтилди, Ғарб биргаликда танқид қилинди. Бироқ Украина бўйича дипломатик натижалар бўлмади.

АҚШ ва Хитой муносабатлари сўнгги пайтларда кескинлашди. Томонлар миллий хавфсизлик масалалари, жумладан Тайван, Россиянинг Украинадаги уруши, АҚШ илғор технологияларини экспорт қилиш тақиқининг кучайиши ва Хитойнинг давлат томонидан бошқариладиган саноат сиёсати бўйича зиддиятга эга.

Мавзуга оид