Ўзбекистон | 14:49 / 11.07.2023
8020
5 дақиқада ўқилади

Охирги 5 йилда яшиллик Бухорода 37, Тошкентда 33 фоизгача қисқарган

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари Ўзбекистонда шаҳарларнинг кенгайиши ва бунинг атроф-муҳитга таъсирини таҳлил қилди. Унга кўра, 2017-2021 йилларда энг кўп уйлар Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қурилган. Бунинг натижасида айрим шаҳарларда яшиллик 37 фоизгача камайиб кетган.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ўрганишларида кўрсатилишича, дунёда шаҳарлар икки асосий усулда, яъни ташқи томонга кенгайиш – горизонтал ёки юқорига ўсиш – вертикал ривожланади.

Шаҳарлар кенгайишининг 3 хил асосий сценарийси бор. Бу – аҳоли зичлиги камайиши, ўзгармаслиги ва ортиши билан бўлиши мумкин. Биринчи ва иккинчи сценарийлар одатда шаҳар ҳудудининг ён-атрофга кенгайишини ифодалайди. 3-сценарий бўйича эса шаҳар вертикал ўсиб, аҳоли зичлиги ортиб боради.

Шаҳарлар вертикал ўсишининг қуйидаги афзалликлари бор:

  • ердан фойдаланишни оптималлаштириш;
  • инфратузилмаларга киритиладиган инвестицияларни қисқартириш;
  • шаҳарлар ичида саёҳат вақтини камайтириш;
  • кишиларнинг бир жойда жамланиб ахборот ва билим алмашишини тезлаштириш;
  • янада барқарор шаҳар ривожланишини қўллаб-қувватлаш.

Шу билан бирга, вертикал ўсиш билимга асосланган бошқарув моделларини қўллашни талаб этади.

Ўзбекистонда 2012-2016 йилларда хонадонлар (уй)лар сони 6,6 фоизга ўсган бўлса, 2017-2021 йилларда ўсиш ўтган 5 йилликдагидан 3 баробар ортиқ –20,3 фоиз бўлган. Бу даврда уйлар Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳрида энг кўп қурилган.

Таҳлил натижаларига кўра, 2021-2022 йилларда Сардоба, Жондор, Пешку, Хўжаобод, Сўх ва Боғдод туманлари; Навоий, Жиззах, Зарафшон, Бухоро ва Андижон шаҳарларида вертикал ўсиш энг юқори бўлган.

77та туман ва шаҳарларида жами фойдаланишга қабул қилинган уй-жойлар майдонида кўп хонадонли уй-жойлар майдонининг улуши 30 фоиздан кам бўлган. Бўзатов, Кегейли, Қораўзак, Бўстон, Янгиобод, Томди, Олтинсой, Мирзаобод, Сайхунобод туманлари ва Ғозғон, Ширин ва Ангрен шаҳарларида кўп хонадонли уйлар фойдаланишга топширилмаган.

МҲТИ институти вертикал шаҳарларнинг ноқулай томонларини ҳам таҳлил қилган. Инфратузилма талаблари, атроф-муҳитга таъсири ва яшаш учун қулайлик нуқтаи назаридан вертикал шаҳарлар қийинчилик пайдо қилиши мумкин. Масалан, Ўзбекистонда бундай шаҳарлар аксариятида бош режа ишлаб чиқилмаган ёки якунига етказилмаган. Бош режаси бор ҳудудларда ҳам ер ажратишнинг режага зид равишда амалга оширилиши тартибсиз қурилишларга сабаб бўлган ва бу давом этяпти. 2021 йилда республикада 814та ҳолатда бош режага амал қилинмагани аниқланган.

Қурилиш ишларининг тезлашуви яшиллик даражасига ҳам таъсир қилмай қолмаган. Яшиллик 2022 йилда 2017 йилдагига нисбатан Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида 26 фоиз, Яккасаройда 23 фоиз, Олмазорда 33 фоиз, Мирзо Улуғбекда 18 фоизга қисқарган. Бундай ҳолат республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам аниқланган. Бухоро шаҳрининг марказий қисмида яшиллик даражаси 37 фоизга камайган.

Институт олимлари яшил ҳудудларнинг инсон саломатлигига таъсири бўйича олиб борилган халқаро тадқиқотларни ҳам ўрганиб чиқиб, яшилликни нега сақлаб қолиш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини ҳам беришган.

Ўрганишларга кўра, “JAMA Network Open”да чоп этилган тадқиқот натижалари хиёбонлар, жамоат боғлари ва бошқа яшил майдонларга келувчиларнинг руҳий саломатлиги яхшиланишини тасдиқлаган. Ҳафтасига 3-4 марта яшил ҳудудларда сайр қилувчилар бир марта ёки ундан кам келувчиларга қараганда руҳий саломатлик дориларидан 33 фоиз, қон босими дориларидан 36 фоиз ва астма дориларидан 26 фоиз кам фойдаланиши аниқланган.

Nature.com сайтида эълон қилинган ҳисоботга кўра эса, ҳафтада 2 соатни табиат қўйнида ўтказиш ташвиш ёки депрессиядан халос бўлиш, юқори қон босими ҳамда юрак касалликлари хавфини камайтиришда ёрдам беради.

Шунингдек, шифокорлар баъзи дори воситалари ўрнига табиатда кўпроқ вақт ўтказишни тавсия қилмоқда. Янги Зеландияда шифокорлар 1998 йилда яшил майдонда ўтказиш керак бўлган вақтни белгилаб берган бўлса, Японияда ўрмон ҳавосидан нафас олиш экотерапиянинг бир шакли сифатида қўлланяпти.

Мавзуга оид