Ўзбекистон | 11:39 / 13.07.2023
16630
3 дақиқада ўқилади

Шовотдаги истироҳат боғида дарахтлар кесилмоқда

Ўтказилган жамоатчилик назорати пайтида ўзларини тадбиркор деб таништирган шахслар дарахтларни кесишга туман ҳокими оғзаки рухсат берганини маълум қилган.

Мамлакатнинг энг чўллашган ҳудудларидан бири - Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги Комилжон Отаниёзов номли дам олиш ва истироҳат боғида манзарали дарахтлар кесилмоқда. Таҳририятга етиб келган маълумотларга кўра бунга масъуллар етарлича эътибор бермаяпти. Дарахтларнинг кесилишига у ерда қурилиш ишлари олиб борилиши сабаб бўлмоқда.

Жумладан, 9 июль куни ўзларини тадбиркор деб таништирган фуқаролар томонидан боғ ҳудудидаги бир нечта катта, манзарали дарахт кесиб ташланган. Ўзбекистон Экологик партиясига кўра, маҳалла фуқаролари томонидан ўтказилган жамоатчилик назорати пайтида мазкур шахслар ҳаракати тўхтатилган. Дарахтларни кесганлар бунга туман ҳокими томонидан оғзаки рухсат берилганини билдиришган. 

Маълум бўлишича, мазкур истироҳат боғи Шовот тумани ободонлаштириш бошқармаси тасарруфида. Хоразм вилояти Экология бошқармаси томонидан боғда 3471 дона манзарали дарахт хатловдан ўтказилган. Бошқарма бошлиғи унга мурожаат қилган фуқароларга жавобан боғдаги дарахтларни муҳофаза қилиш бўйича Шовот тумани ободонлаштириш бошқармасига огоҳлантириш хати берилганини маълум қилган. Бироқ дарахтларни кесиш ишлари тўхтамаган.

Аслида истироҳат боғидаги қурилиш ишлари халқ депутатлари Шовот туман кенгашининг 2023 йил 21 февралдаги қарори билан бошланган. Мазкур қарор иловасининг 10-бандида Комилжон Отаниёзов номли истироҳат боғида йил давомида 14 та аттракцион ўрнатиш ҳамда 10 та кўчма савдо шохобчаларини жойлаштириш учун ер майдонини аукционга чиқариш белгиланган.

Ҳудуд фаоллари ушбу қарордан сўнг кўчма савдо шохобчалари эмас, қурилиш ишлари бошланиб кетганини таъкидлашмоқда. Уларга кўра, дарахт ўстириш қийин бўлган ҳудуддаги истироҳат боғида қурилиш ишлари сабаб яшиллик йил сайин камайиб боряпти.      

Боғ ичида қурилишни бошлаб юборган тадбиркорлар дарахт кесишга ҳоким оғзаки рухсат берганини айтиб турган бир вазиятда Шовот тумани ҳокими Одилбек Артиқов ҳудуд фаолларини кўчма савдо объектлари ташкил этиш ва аттракционлар ўрнатишда дарахтларга зарар етмаслик, боғ ичидаги пиёдалар йўлакларини ёпиб ташламасалик чоралари кўрилишини айтиб, “овутган”.

Хоразм вилояти Экология бошқармаси ҳолат юзасидан дастлабки ўрганиш бошланганини, ўрганиш натижаси юзасидан қўшимча маълумот берилишини билдирган

Мавзуга оид