Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Bloomberg: ЕИ ва ЕМБ Россиянинг музлатилган активлари бўйича баҳслашяпти
Европа Марказий банки фикрича, Россиянинг музлатилган активларига Украинани тиклашга ёрдам бериш учун фойда солиғи жорий этилиши евроҳудуд молиявий барқарорлигига таҳдид солиши мумкин.
Фото: Reuters
Европа Иттифоқи раҳбарияти Европа Марказий банки (ЕМБ) билан Россия Марказий банкининг музлатилган 200 миллиард евродан ортиқ активларидан олинган фойдадан Украинани қайта тиклашга ёрдам бериш режалари юзасидан баҳслашмоқда. Бу ҳақда 14 июл, жума куни вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, Bloomberg агентлиги хабар берди.
Евроҳудуд молия вазирларининг Еврокомиссия вице-президенти Валдис Домбровскис ва ЕМБ президенти Кристин Лагард иштирокида яқинда бўлиб ўтган йиғилишида Европа банки раҳбари Европа Иттифоқининг Россия музлатилган ҳолдингларига фойда солиғи жорий этишни режалаштираётгани евроҳудуд молиявий барқарорлиги ва ягона валюта ликвидлигига таҳдид солиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг фикрича, бу қадам Украинага олиб келадиган бир неча миллиард доллардан кўра жиддийроқ хавф келтириб чиқаради. Лагард эҳтиёткорликка чақирди ва ҳар қандай қарор G7 томонидан қўллаб-қувватлансагина қабул қилиниши кераклигини айтди.
Ўз навбатида, Еврокомиссия фикрича, ҳар қандай хатар Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланиши ортидан 2022 йил февралида активлар дастлаб блокланганда содир бўлган ва баҳоланган, ҳозирча илгари билдирилган хавотирларнинг ҳеч бири амалга ошмаган. Суҳбатдошлардан бирининг сўзларига кўра, даромад солиғини қўллаш ғояси активларнинг ўзига ҳам, Россия Марказий банкининг даъволарига ҳам, Европа Иттифоқининг қимматли қоғозларни сақлашдаги ролига ҳам таъсир қилмайди. Bloomberg маълумотига кўра, йиғилиш иштирокчиларининг позицияси иккига бўлинган.
Европа Иттифоқига аъзо давлатлар июн ойи охирида Брюсселда бўлиб ўтган саммит чоғида музлатиб қўйилган Россия активларидан Украинани тиклаш учун фойдаланиш усули бўйича келишиб олди. Учрашув иштирокчилари ушбу активлардан олинадиган фойда учун махсус солиқ жорий этиш бўйича «сиёсий консенсус»га эришди, деди Бельгия бош вазири Александер Де Кроо.
Музлатилган активлар 3 миллиард еврога яқин ортиқча фойда келтириши, баъзи ҳисоб-китобларга кўра, бу кўрсаткич бундан ҳам юқори бўлиши мумкин. Активларнинг ярмидан кўпи нақд пул ва депозитлар, қолган қисмининг «асосий қисми» эса яқин икки-уч йил ичида муддати тугаши билан нақд пулга айланадиган қимматли қоғозлардир, деб хабар берди Bloomberg аввалроқ.
ЕИга аъзо 27 давлат раҳбарлари Еврокомиссияга тафсилотларни ишлаб чиқишни топширди. Хабар қилинишича, унинг раиси Урсула фон дер Ляйен тез орада таклиф киритилишини кутмоқда. Бироқ, расмийлардан бирининг сўзларига кўра, бу сана ёзги таътилдан кейинга кўчирилган, бунинг натижасида ЕИ ва ЕМБ келишмовчиликка учраган, энди аъзо давлатлар томонлардан бирининг позициясини қўллаб-қувватлаш учун иккига бўлиниши мумкин.
Мавзуга оид
09:35
ЕИ авиарегулятори авиакомпанияларни Эрон устида учмасликка чақирди
13:29 / 14.01.2026
Эронда қурбонлар сони ўсмоқда: ЕИ ва Британия санкцияларни кучайтиришга тайёрланяпти
11:51 / 08.01.2026
Германия ИИВ раҳбари: Киев ЕИга эркаклар оқимини қисқартириши керак
20:35 / 04.01.2026