Жаҳон | 11:44 / 15.07.2023
5788
2 дақиқада ўқилади

Пекин Германиянинг Хитой бўйича янги стратегиясини танқид қилди

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили 61 саҳифалик ҳужжатни «самарасиз стратегия» деб атаб, ГФРни протекционизмда айблади ҳамда Берлин Хитойдаги воқеаларга «ҳар томонлама ва холисона» қарашига умид билдирди.

Фото: Reuters

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Германия ҳукуматининг Хитойга нисбатан янги стратегиясини танқид қилди. 14 июл, жума куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ТИВ матбуот котиби Ван Вэнбин 61 саҳифалик ҳужжатни «самарасиз стратегия» деб атади. Бу «дунёнинг бўлинишини янада кучайтиради», дея расмийнинг сўзларидан иқтибос келтирган dpa ахборот агентлиги

Вэнбин Германия ҳукуматини протекционизмда ҳам айблади. Бундан ташқари, Берлин Хитойдаги воқеаларга «ҳар томонлама ва холисона» қарашига умид билдирилди. 

Германия федерал вазирлар маҳкамаси 13 июл куни кўп ойлик муҳокамалардан сўнг биринчи марта Хитой бўйича стратегияни қабул қилди. «Германия ҳукумати Хитойдан узоқлашишга интилмаяпти. Хитой билан иқтисодий интеграцияни сақлаб қолиш керак. Бироқ, биз улардан келиб чиқадиган хатарларни юмшатиш учун муҳим соҳаларда қарамликни камайтирмоқчимиз», - дейилади ҳужжатда. 

Стратегияда Берлин, шунингдек, Пекинни Ҳиндистон-Тинч океани минтақасидаги агрессив сиёсати билан инсон ҳуқуқларини жиддий поймол қилишда ва халқаро ҳуқуққа путур етказишда айблади. «Хитойнинг хатти-ҳаракати ва қарорлари сўнгги йилларда муносабатларимиздаги рақобат унсурлари кучайганини билдиради», — дейилади ҳужжатда. 

Мавзуга оид