Жаҳон | 20:32 / 18.07.2023
6681
2 дақиқада ўқилади

АҚШ «ғалла битими»га муқобилини изламоқчи — Блинкен 

Давлат котиби сўзларига кўра, бундай миқёсдаги «ғалла битими» муқобилини топиш осон бўлмайди.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Қора денгиз дон ташаббусини алмаштириш йўлларини излайди, аммо унинг миқёсида муқобилини топиш осон бўлмайди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен журналистларга маълум қилди.

«Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқишнинг бошқа йўлларини топиш учун яна нима қилиш мумкинлигини кўриб чиқамиз... Лекин унга мос муқобилини топиш жуда қийин», деди ТИВ раҳбари.

Блинкен Россиянинг келишувни узайтирмаслик қарори бу йўлларни излашга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади, чунки «агар Россия Украинадан ҳар қандай экспортга қарши бўлса, бошқа давлатлар ва компаниялар ўз кемалари ва ишчилари тақдиридан хавотирга тушади».

Аввалроқ, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков «Ғалла битими»нинг амал қилиши 17 июлдан бошлаб тугаганини эълон қилди. Кремль вакилининг сўзларига кўра, бунга Россия қўйган шартлар бажарилмагани сабаб бўлган.

Россия ва Украина Туркия ва БМТ иштирокида 2022 йил июль ойида Қора денгиз портларидан дон экспорти бўйича келишув имзолаган эди. Унинг доирасида Украина ғалласи асосан Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларига етказиб берилади.

Россия келишувни узайтириш учун бир қанча шартларни илгари сурмоқда. Зарур шартлар қаторида Россия ҳукумати «Росселхозбанк»ни SWIFT тизимига қайта уланиши, қишлоқ хўжалиги техникаси ва эҳтиёт қисмларини етказиб беришни қайта тиклаш, суғурта ва қайта суғурталаш бўйича чекловларни бекор қилиш, портларга киришга қўйилган тақиқни олиб ташлашни кўрсатган.

Мавзуга оид