Жаҳон | 22:13 / 18.07.2023
11893
2 дақиқада ўқилади

Оқ бўёқ глобал исишни тўхтатиши мумкинлиги айтилди 

Бунинг учун Ер юзасининг 1-2 фоизи оқ бўёқ билан қопланиши лозим, аммо бу имконсиз. 

Фото: Purdue University/Jared Pike

2021 йилда Пардью университети тадқиқотчилари Ердаги энг оппоқ бўёқни ишлаб чиққанини эълон қилишди. Ранг шунчалик оқ-ки, ёруғликнинг 98 фоизидан кўпроғини қайтара олади. 

Тадқиқотчилар фикрича, оқ бўёқ биноларда қўлланилганда ташқи юзадаги ва ички ҳароратни пасайтиради, шунингдек, кондиционерга бўлган эҳтиёжни камайтиради. Бундан ташқари, назарий жиҳатдан, бундай қоплама бутун сайёрадаги ҳароратни пасайтириши мумкин. 

Калифорния университети электротехника ва компьютер инжиниринги профессори Жереми Мандей сўзларига кўра, агар бундай оқ бўёқ билан Ер юзасининг 1-2 фоизи қопланса, у ҳолда коинотга қайтариладиган ёруғлик миқдори кўпаяди, планета томонидан ютиладиган иссиқлик миқдори камаяди. Бу глобал ҳароратни барқарорлаштириш учун етарли бўлади. 

Бошқача қилиб айтганда, бундай бўёқ иқлим исиши муаммосига ечим бўлиши мумкин. Бундан ташқари, Мандей Ердан акс эттириладиган ёруғлик миқдори коинотга катта зарар келтирмаслигини таъкидлади. «Бу худди океанга бир пиёла оддий сув қуйганга ўхшайди», деди у. 

Ер юзасининг 1-2 фоизи қанчалик катта? Сайёранинг умумий майдони тахминан 510 миллион квадрат километрни ташкил этади (уларнинг аксарияти сув), шунинг учун бўёқ тахминан 5 дан 10 миллион квадрат километр жойни қоплаши керак. Масалан, Қўшма Штатларнинг умумий майдони атиги 9,8 миллион квадрат километрни ташкил қилади. Яъни, бутун мамлакат оқ бўёқ билан қопланиши керак. Аммо бу ҳатто назарий жиҳатдан ҳам имконсиз. 

Бундан ташқари, Ер юзасининг атиги 1 фоизини қоплаш учун 139 миллиард галлон оқ бўёқ керак бўлади. Буларнинг барчаси ҳеч қачон амалга ошмайдиган назариядир. 

Мавзуга оид