23:15 / 19.07.2023
24019

Ўзбекистон халқ артисти Толиб Каримов вафот этди 

Театр ва телевидениеда ўнлаб ролларни ижро этган машҳур артист 83 ёшида дунёдан кўз юмди. 

Фото: Ўзбек Миллий академик драма театри

Ўзбекистон халқ артисти Толиб Каримов 83 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Ўзбек миллий академик театри хабар берди. 

Толиб Каримов 1940 йилда Тошкентда туғилган. 1961 йилда А.Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факультетини тугатгач, 1961—63 йилларда институт йўлланмаси билан Кўқондаги Ҳамза номли театрда актёр сифатида ижодий фаолиятини бошлаган. Бу театрда Саид Аҳмаднинг «Ҳасан-Ҳусан» комедиясида милиционер, Одил Ёқубовнинг «Олма гуллаганда» асарида Азиз, Лазутиннинг «Сержант милицияси» асарида сержант ва бошқа бир неча ролларни ижро этган. 

1963 йилда Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрига ишга ўтиб, умрининг охирига қадар шу ерда фаолият кўрсатган.

Шу даврда у ғарб драматурглари, рус ва бошқа қардош халқлар, шунингдек ўзбек драматургларининг асарлари асосида саҳналаштирилган қирқдан ортиқ спектаклларда асосий ролларни ўйнади. 

У яратган Йўлчи (Ойбек, «Қуғлуғ қон»), Ғофур (Ҳамза, «Бой ила хизматчи»), генерал Колотов (Л.Шейнин, «Мудҳиш айбнома»), Азиз (С.Азимов, «Замон драмаси»), Чўпон (Софокл, «Шоҳ Эдип»), Улуғбек (Шайхзода, «Мирзо Улуғбек»), Дарвеш (М.Карим, «Ой тутилган тунда»), шоҳ Маъмун (Уйғун, «Абу Райҳон Беруний»), Пиночет (Бичков, «Мен Чилига ишонаман»), Абресков (Л.Толстой, «Тирик мурда»), Азизбой (Иззат Султон, «Истеҳком»), Ҳожидарға (Т.Тўла, «Нодирабегим»), профессор Иванов (А.Сафронов, «Юрак операцияси»), Аҳмад Танбал (П.Қодиров, «Юлдузли тунлар»), Мирзакарим Қутидор (И.Султон, «Абдулла Қодирийнинг ўтган кунлари»), Ҳусайн Бойқаро (Уйғун, И.Султон «Алишер Навоий»), Амир Темур (А.Самад, «Соҳибқирон Темур») ва бошқа образлар актёр ижодида муҳим аҳамиятга эга бўлди. 

Мустақиллик актёр ижодига янги руҳ, янги мазмун олиб келди. Бу йилларда у Саид Барака (А.Орипов, «Соҳибқирон»), Доктор Тавин (А.Кассоно, «Етти фарёд»), Имом (О.Ёқубов, «Бир кошона сири»), Толиб (Ҳ. Муҳаммад, «Хотинлар гапидан чиққан ҳангома»), Саид Обид (М.Шайхзода, «Мирзо Улуғбек») каби образларни яратди. 

Толиб Каримов ижодини телевидениесиз тасаввур қилиб бўлмайди. У Ўзбекистон телевидениесида тайёрланган ўттиздан ортиқ телепостановкаларда асосий ролларни, шунингдек, «Оталар сўзи — ақлнинг кўзи» телекўрсатувида ҳам кўплаб асосий ролларни ижро этган. 

Толиб Каримовга 1987 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвони берилди. 1989 йилда Давлат мукофотига сазовор бўлди. Актёр 1997 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.

Top