Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат театрларида саҳналаштириладиган саҳна асарларини яратиш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш тартиби тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Низомга кўра, давлат театрларида саҳна асарларни саҳналаштириш учун давлат буюртмасини бериш марказий Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ва ҳудудий Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан бериладиган маблағлар асосида икки турга бўлинади.
Саҳна асарларини саҳналаштириш учун давлат буюртмасини бериш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида ташкил этилган марказий Кенгаш ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган ҳудудий Кенгаш хулосасига кўра амалга оширилади.
Белгилаб қўйилишича, давлат буюртмаларидан ташқари турли ташкилот ва идоралар ҳамда тижорат ёки нотижорат жамғармалар томонидан ҳам театрларга янги саҳна асарларни саҳналаштириш учун буюртма берилиши мумкин.
Барча давлат буюртмалари асосида саҳналаштирилаётган янги саҳна асарларнинг саҳнавий талқини, долзарблиги, савияси ҳамда иқтисодий томонлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида ташкил этилган марказий Кенгаш томонидан ўрганилади, мувофиқлаштирилади шунингдек, ўрнатилган тартибда расмийлаштирилишига кўмак берилади.
Кенгашнинг мақсадлари қуйидагилардан иборат:
театр санъати маънавият ва маърифатни юксалтиришнинг асосий воситаларидан бири эканлигини назарда тутиб, жойларда бу санъат тури ривожи билан боғлиқ ижодий-ишлаб чиқариш ва ташкилий ишларини изчил амалга ошириш;
театр жамоалари, режиссёрлар, драматурглар, бастакорлар, рассомлар ва балетмейстерларга долзарб мавзуларда янги замонавий мавзудаги асарлар саҳналаштирилишига яқиндан ёрдам бериш;
халқимизнинг бой маънавий дунёси, маданий мероси, миллий ва умумбашарий қадриятларимизга эҳтиром туйғуларини мадҳ этувчи, истиқлолни улуғловчи ёрқин саҳна асарлари саҳналаштирилишига кўмаклашиш.
Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
миллий ва жаҳон мумтоз саҳна асарларини саҳналаштириш орқали халқимиз, аввало ёшларимиз қалбида миллий ғурур, миллий ифтихор туйғуларини шакллантириш, уларни она- Ватанга муҳаббат, умумбашарий қадриятларга ҳурмат, гуманизм ғояларига садоқат каби туйғулар орқали тарбиялаш каби драматургиянинг турли жанрларига хос асарларни саҳналаштириш бўйича тавсиялар бериш;















