Жаҳон | 20:34 / 20.07.2023
11218
5 дақиқада ўқилади

Навалнийга «экстремистик иш» бўйича 20 йил қамоқ сўралди

Давлат прокурорлари фирибгарлик иши бўйича тўққиз йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Алексей Навалнийга бошқа, «экстремистик иш» бўйича 20 йиллик қамоқ жазосини сўради. Навалнийнинг ўзи 30 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкинлигини айтган эди. Суд колония ҳудудида, ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди.

Фото: SOFYA SANDURSKAYA/TASS

Мухолифатчи сиёсатчига 20 йил махсус режимли колония сўралгани ҳақида «Навалний жамоаси» хабар берди. Ҳукм 4 август куни эълон қилинади.

Бу ишда иштирок этган яна бир шахс, «Навалний LIVE» YouTube каналининг собиқ техник директори Даниэл Холоднийга прокурор 10 йил умумий режимдаги колония жазосини сўради.

Навалнийнинг шериклари YouTube ижтимоий тармоғида сиёсатчининг сўнгги сўзини эълон қилишди. Уни таниқли одамлар ўқиди: актрисалар Олга Василева ва Олга Троянова, актёр Дмитрий Назаров, қўшиқчи Монеточка, репер Влади, режиссёр Андрей Звягинцев ва бошқалар.

– Менга ҳамюртимиз, филология фанлари доктори, профессор Лотманнинг сўзлари жуда ёқади. Талабалар билан гаплашар экан, у бир марта шундай деган эди: «Инсон доим кутилмаган вазиятда бўлади. Ва бу ҳолатда унинг икки оёғи бор: виждон ва ақл», деди Навалний сўнгги сўзида. - Виждоннинг оёғига таянишни истамай, менинг Россиям бир нечта катта сакрашларни амалга оширди, ҳаммани итариб юборди, лекин кейин сирпаниб кетди ва шовқин билан атрофдаги ҳамма нарсани вайрон қилди, қулаб тушди. Энди у ё лой ёки қон ҳовузида, суяклари синган, қашшоқ, талон-торож қилинган аҳволи билан сузмоқда. Атрофда эса XXI асрнинг энг аҳмоқ ва маъносиз урушида ўлган ўн минглаб одамлар ётибди. Аммо эртами-кечми, албатта, яна ўрнидан туради. Келажакда унинг нимага таяниши эса бизга боғлиқ».

«Мени ҳокимият ва махсус хизмат вакиллари, судьялар ва «Единая Россия» партияси аъзоларига нисбатан нафрат уйғотишда айблашмоқда», - деди мухолифатчи. - Йўқ, мен нафрат қўзғатмайман. Шунчаки, одамнинг икки оёғи бор, бу виждон ва ақл эканини эслайман. Қачонки бу ҳокимият билан сирпаниб, пешонани, келажакни ёриш жонингга тегса, виждонни инкор этиш ақлнинг йўқолишига олиб келишини ниҳоят тушуниб етганингда, балки одам туриши керак бўлган ўша икки оёқ устига туриб қоларсан ва шунда биз келажакдаги гўзал Россияни яқинлаштира оламиз».

Қонунга мувофиқ, жиноятни ўта хавфли тарзда такрор содир этган, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган, шунингдек, ўлим жазоси муайян муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган маҳкумлар жазони алоҳида тартибдаги ахлоқ тузатиш колонияларида ўтайди.

Яширин жараён

18 июл куни Навалний бир ой аввал бошланган ва жамоатчилик билан журналистлар учун ёпиқ тарзда ўтказилган суд жараёни якунланаётганини ёзган эди: «Мунозара, якуний сўз ва ҳукм қолди».

Навалний Москва шаҳри суди томонидан ўзи сақланаётган Владимир областидаги қаттиқ режимли колониядаги сайёр маҳкамаларда судланмоқда. Иш материалларига кўра, ёпиқ эшиклар ортида 16 та сайёр суд ўтказилди.

19 июн куни бўлиб ўтган биринчи маҳкамада Москва шаҳри суди жараённи махфийлаштирди. Шу сабабли унинг қандай кетаётгани ҳақида маълумотлар кам бўлди.

Сиёсатчи суд жараёнида видеоалоқа орқали сўзга чиққан ҳимоя гувоҳларига, жумладан, колонияларда муддатини ўтаётган Иля Яшин ва Владимир Кара-Мурзага миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, ўз шериги, «экстремистик жамоа»ни ташкил қилиш иши бўйича судланган уфалик Лилия Чанишевани эсга олди.

Бундан ташқари, Навалний ижтимоий тармоқларда айбловнинг баъзи далилларини эълон қилди. Улар орасида, масалан, рэпер Моргенштерннинг «Навалний Лёха» треки матни ва номида президент Путинни ҳақорат қилиш белгилари бўлган криптоҳамёндан фойдалангани тўғрисидаги маълумотнома бор эди.

Даъват, иштирок этиш, ташкил этиш, молиялаштириш, жалб этиш... Яна нима?

Янги «экстремистик иш»да Навалний бирданига Россия Жиноят кодексининг 7 моддаси бўйича айбланди, уларнинг энг оғири «экстремистик жамиятни ташкил этиш»дир. Россия ҳукумати Навалний ташкил этган Коррупцияга қарши кураш фондини «экстремистик ҳамжамият» деб ҳисоблайди.

Бундан ташқари, мухолифатчи экстремизмга чақириш, экстремистик ҳаракатларда қатнашиш, фуқаролар ҳуқуқини поймол қилувчи нодавлат ташкилотини тузиш, экстремизмни молиялаштириш, вояга етмаганларни хавфли ҳаракатларга жалб қилиш ва нацизмни оқлашда айбланмоқда.

Апрел ойида Навалний экстремистик ҳамжамият яратиш бўйича ишдан яна бир бошқа – «терроризм»га оид иш ажратиб олинганини айтган эди. Бу иш бўйича уни ҳарбий суд маҳкамага тортади.

Мухолифатчи «экстремистик иш» бўйича ўзини 30 йиллик ва кейинги иш бўйича «умрбод қамоқ жазоси» кутаётганини айтган эди.

Мавзуга оид