Ўзбекистон | 21:42 / 20.07.2023
16884
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон октябрь ойидан Россия газини Ўзбекистонга етказишни бошлайди 

«Марказий Осиё – Марказ» газ қувурининг Қозоғистондан ўтувчи қисмида тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. 

Фото: QazaqGaz

Қозоғистоннинг QazaqGaz компанияси 2023 йил октябрь ойидан бошлаб «Марказий Осиё – Марказ» қувури орқали Россия газини Ўзбекистонга транзит қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания матбуот хизматига таяниб, Kazinform хабар берди. 

Компания раҳбари Санжар Жаркешов 20 июль куни Атирау вилоятига бориб, газ қувурининг Қозоғистондан ўтувчи қисмида олиб борилаётган тайёргарлик ишларини кўздан кечирди. 

Июнь ойида Россиянинг Газпром компанияси ва QazaqGaz Россия табиий газини Қозоғистон орқали Ўзбекистон истеъмолчилари учун ташиш бўйича хизматлар кўрсатиш ҳақида шартнома имзолаган эди. 

19 июнь куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Россия октябрь ойидан Ўзбекистонга кунига 9 миллион куб метр газ экспорт қилишни бошлашини маълум қилди. Йиллик ҳажм тахминан 2,8 миллиард кубометрни ташкил қилади.

Россия энергетика вазири Николай Шулгинов 9 июнь куни Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида «газ иттифоқи»ни ташкил қилиш бўйича муҳокамалар давом этаётганини айтди. Жумладан, йил бошида Газпром, Қозоғистон ва Ўзбекистон томонидан имзоланган иккита «йўл харитаси» асосида иш олиб борилмоқда. 

Мавзуга оид