Жаҳон | 12:56 / 22.07.2023
11634
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған ва Зеленский «ғалла битими»ни узайтириш имкониятини муҳокама қилди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Украина президенти Володимир Зеленский «телефон орқали Қора денгиз дон йўлаги бўйича келишувни узайтириш масаласини батафсил муҳокама қилди», дея маълум қилди Эрдўғаннинг идораси. 

Фото: AFP

Унинг маълумотларига кўра, суҳбат Зеленскийнинг илтимосига кўра бўлиб ўтган.

Украина президентининг хабар беришича, суҳбатдошлар «Қора денгиз ғалла ташаббуси фаолиятини қайта тиклаш бўйича саъй-ҳаракатлар бўйича келишиб олган» ва «тинчлик формуласи»ни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилган. 

Бундан ташқари, Зеленский Туркия президентидан украиналик маҳбуслар, хусусан, қрим-татарларнинг ватанга қайтишига кўмаклашишни сўраган.

Аввалроқ Ражаб Тоййиб Эрдўған Россия президенти Владимир Путин билан бу борада музокаралар олиб борса, «ғалла битими»ни давом эттириш имкониятига ишонишини айтганди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг сўзларига кўра, Украинадан дон етказиб беришни қайта тиклаш «жуда ва жуда қийин» бўлади. «Биз иттифоқчилар ва ҳамкорлар, Украина билан бошқа вариантларни кўриб чиқиш учун ишлаяпмиз», деди у Аспен хавфсизлик форумида. 

Урушдан олдин Россия ва Украина дунёдаги энг йирик ғалла экспортчиларидан бири эди. Шимолий ва Шарқий Африкадаги кўплаб мамлакатлар Россия ва Украина таъминотига боғлиқ. 

Украинада уруш бошланиши ортидан жаҳон бозорида озиқ-овқат нархи кескин ошди. БМТ маълумотларига кўра, ҳозир дунёда 735 миллионга яқин очликдан азият чекаётган одам бор, бу тўрт йил аввалгига нисбатан сезиларли ўсишдир. Бу, жумладан, Украина уруши билан боғлиқ.

Мавзуга оид