Жаҳон | 13:24 / 24.07.2023
5743
3 дақиқада ўқилади

Навалнийнинг Барнаулдаги штаби собиқ раҳбари 9 йилга қамалди

Вадим Останин «экстремистик жамоа»да иштирок этиш ва «фуқароларнинг шахси ва ҳуқуқларига тажовуз қилувчи» ташкилотдаги фаолиятда айбдор деб топилди, деб хабар берди Навалний жамоаси. 

Фото: РИА Новости

Алексей Навалнийнинг Барнаулдаги штаби собиқ координатори Вадим Останин 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда 24 июль, душанба куни Навалний жамоаси Telegram’да хабар берди. Собиқ координатор «экстремистик жамият»да иштирок этиш, шунингдек, «фуқароларнинг шахси ва ҳуқуқларига тажовуз қилувчи» нотижорат ташкилот фаолиятида айбдор деб топилди

Қамоқдаги мухолифат етакчиси сафдошларига кўра, Вадим Останин қонуний сиёсий фаолияти учун судланган: «У аввал Бийскда, сўнгра Барнаулда Навалнийнинг штабини бошқарган, маҳаллий порахўр амалдорлар ҳақида гапирган ва Олтой ўлкаси аҳолисига амалдорларни ишлашга мажбурлашда ёрдам берган». 

Прокуратура 2021 йил охирида қўлга олинган Останинни 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиш талабини қўйди. «Вадим сиёсат билан шуғулланган, у демократияга, ҳокимиятни алмаштириш кераклигига ишонган. 2017 йилда биз ҳокимиятга рақиб бўлиш хавфли бўлиб қолгани ҳақида гапирган эдик, лекин у қўрқмади», деди Навалнийнинг маҳаллий штаби собиқ адвокати Татяна Бабич DW нашрига. Москвадан Барнаул «СИЗО»га кўчирилгандан сўнг, Вадим Останин уни ушлаб туришнинг қабул қилиниши мумкин бўлмаган шароитлари ҳақида хабар берди. Бошқа нарсалар қаторида, у узоқ вақт давомида жазо камерасида сақланган ва дори-дармонлардан маҳрум қилинган. 

Июнь ўрталарида Навалнийнинг Уфадаги штаби собиқ раҳбари Лилия Чанишева 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Алексей Навалний штабининг собиқ координаторлари ва ходимлари Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришидан бир неча ой олдин жиноий таъқиблар нишонига айланган эди. Фаолларни ҳибсга олиш 2021 йил августида бутун штаблар тармоғи «экстремистик ташкилот» деб эълон қилинганидан кейин бошланган. Навалнийнинг ўзи янги иш бўйича «экстремистик ҳамжамият» тузишда айбланмоқда, прокуратура уни 20 йилга махсус режимли колонияга ҳукм қилишни сўрамоқда.

Мавзуга оид