Жаҳон | 08:33 / 25.07.2023
3602
2 дақиқада ўқилади

Исроил парламенти Олий суд ваколатларини чеклади

Кнессет мунозарали суд-ҳуқуқ ислоҳотлари пакетидаги биринчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Мухолифат минглаб фуқароларни намойишга олиб чиқди. Намойишларга йирик тадбиркорлар қўшилди.

Фото: Ronaldo Schemidt/AFP via Getty Images

Исроил парламенти (Кнессет) 24 июль, душанба куни мунозарали суд-ҳуқуқ ислоҳоти тўпламидан биринчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Янгилик асосий таркибий қисми бўлган қонун лойиҳаси Олий суднинг ҳукумат томонидан қабул қилинган қарорларни бекор қилиш ваколатини чеклайди.

Ислоҳот танқидчиларининг фикрича, тузатишлар ҳукуматни назорат қилишнинг энг самарали механизмларидан бирини олиб ташлаш орқали ҳокимиятни суиистеъмол қилиш имкониятларини яратади. Кнессетдаги мухолифат депутатлари қонун лойиҳаси бўйича овоз беришни бойкот қилди, ҳукмрон коалициянинг 64 аъзоси уни ёқлаб чиқди. Ҳужжатни қабул қилиш учун бу етарли бўлди.

Суд-ҳуқуқ ислоҳотининг бошқа қоидалари Олий суд судьяларини тайинлаш тартибини ўзгартиришни назарда тутади. Душанба куни у бўйича овоз берилмади. Мухолифат фикрича, мамлакатда суд-ҳуқуқ ислоҳотининг амалга оширилиши мустақил суд ҳокимияти йўқолишига олиб келади ва демократия асосларига путур етказади.

Исроилда суд-ҳуқуқ ислоҳоти билан боғлиқ баҳслар оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Олти ойдан бери мамлакатнинг ўн минглаб фуқаролари Бинямин Нетаняху бошчилигидаги мамлакат ҳукумати сиёсатидан норозилигини билдириб, намойиш ўтказмоқда. Исроил президенти Ицхак Герцог душанба куни норозилик намойишлари мамлакатда фавқулодда вазият яратганини, аммо муроса қилиш учун жой борлигини, шунинг учун энди барча томонлар инқирозни ҳал қилиш учун масъулият кўрсатиши кераклигини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид