22:43 / 27.07.2023
31516

Аббосбек Файзуллаев Россия клубига трансфер қилинмоқда

Ўзбекистон ёшлар жамоаси яримҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев фаолиятини Россияда давом эттириши кутилмоқда.

Фото: UFA

Championat.asia сайти хабарига кўра, ЦСКА «Пахтакор» футболчисини трансфер қилишга яқин турибди. 19 ёшли Файзуллаев Москва клуби билан 3+1 шаклида шартнома имзолайди. Қайд этилишича, ЦСКА Аббосбек Файзуллаев трансфери учун Тошкент клуби ҳисоб рақамига 500 минг евро ўтказиб бериши белгиланган. Футболчининг «шерлар» билан келишуви 2025 йилга қадар имзоланган эди. 

Маълумот учун, Аббосбек Файзуллаев март ойида ёшлар ўртасидаги Осиё кубоги U20 турнири қаҳрамонларидан бирига айланиб, Ўзбекистон U20 жамоаси билан қитъа чемпионлигини қўлга киритганди. У Аргентинада ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 4 ўйинда майдонга тушиб, битта гол ва ассист муаллифига айланганди. Шунингдек, у жорий мавсум Суперлигада 6 ўйинда майдонга тушиб, 2та голга муаллифлик қилган.

Аввалроқ, Ўзбекистон U20 жамоасининг яна бир аъзоси Абдуқодир Ҳусанов «Энергетик-БГУ» клубидан Франциянинг «Ланс» клубига кўчиб ўтган эди.

Top