Жаҳон | 13:17 / 27.07.2023
12846
2 дақиқада ўқилади

Чубайс Россиядаги деярли барча компаниялар раҳбариятидан истеъфога чиқди

Россия бош вазирининг собиқ ўринбосари фақат битта Россия компанияси - «Холдинг ЭРСО» директорлар кенгашида қолган, деб ёзади The Moscow Times. Чубайснинг рафиқаси Авдотя Смирнова ҳам ўз корхонасини ёпди. 

Фото: ТАСС

Россия бош вазирининг собиқ ўринбосари, 1990-йилларда Россияда иқтисодий ислоҳотларнинг мафкурачиси ва етакчиларидан бири бўлган Анатолий Чубайс мамлакатни тарк этгач, деярли барча рус компаниялари раҳбариятидан истеъфога чиқди. Бу ҳақда 26 июль, чоршанба куни кечқурун The Moscow Times СПАРК маълумотлар базасига таяниб хабар берди. 

Ҳозирда Чубайс фақат битта компания - «Холдинг ЭРСО» директорлар кенгашида қолган, деб ёзади нашр. Ушбу корхона собиқ бош вазир ўринбосари 2022 йил апрель ойида тарк этган «АФК Система» таркибига киради. Чубайс, шунингдек, энди ўзи асосчиларидан бири бўлган «Фонда первого Президента России Б. Н. Ельцина» эгалари рўйхатида йўқ. Уруш бошланишидан олдин Чубайс бир нечта рус компанияларининг юқори бошқаруви ва директорлар кенгаши аъзоси эди. 

Шу билан бирга, The Moscow Times Чубайснинг рафиқаси, режиссёр Авдотя Смирнова 2009 йилда рўйхатдан ўтган шахсий корхонасини ёпганини эслатиб ўтган. 

Россиянинг Украинага ҳарбий ҳужуми бошланганидан кейин Анатолий Чубайс Россия президентининг халқаро ташкилотлар билан алоқалар бўйича махсус вакили лавозимидан истеъфога чиқди ва мамлакатни тарк этди. Ўтган ёзда у Гийена-Барре синдроми ташхиси билан Италияда касалхонага ётқизилгани маълум бўлди. Август ойи бошида касалхонадан чиқарилди. Чубайс ўзининг кетиши ҳақида очиқчасига изоҳ бермади. У Италиядан ташқари, бошқа бир қанча мамлакатларда, хусусан Туркия, Германия ва Исроилда ҳам пайқалган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид