10:33 / 29.07.2023
6142

Полша ва Литва Беларус билан чегараларини ёпиш масаласини кўриб чиқмоқда

Полша ва Литва Беларусда жойлашган «Вагнер» ХҲК ёлланма аскарлари провокацияларидан ташвишга тушиб, қўшни давлат билан чегараларини ёпиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда журналистларга Литва ички ишлар вазири ўринбосари Арнолдас Абрамавичус маълум қилди. 

Полша Беларус чегараси / Фото: EPA

«Бу ҳақиқатдир, - деди у аввалроқ Варшава Беларус билан ўтказиш пунктларини ёпиш имкониятини Вилнюс ва Рига билан мувофиқлаштиришини таъкидлаган Полша ички ишлар вазири Мариуш Каминскийнинг баёнотини шарҳлар экан. - Чегарани ёпиш эҳтимоли бор».

Абрамавичус Беларус билан чегарада провокациялар содир бўлиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирди. 

«Булар чегарада қандайдир аниқ тартибсизликлар келтириб чиқариш учун қочқинлар ёки ноқонуний муҳожирлар шаклида кўчирилаётган айрим гуруҳлар бўлиши мумкин», деди у. 

«Беларускi Гаюн» мониторинг лойиҳаси маълумотларига кўра, Россиянинг «Вагнер» ХҲК жангчиларининг 80 дан ортиқ автомашинадан иборат 13-карвони Беларусга кириб келган. 

Карвон М5 автомагистрали бўйлаб Бобруйскдан Осиповичи йўналишида ҳаракатланяпти, унинг таркибига, бошқа нарсалар қаторида, «Щука» («Чекан») зирҳли транспорт воситалари, ёнилғи юк машиналари, ПАЗ, автобуслар, КамАЗлар, юк машиналари ва «Урал»лар, пикаплар ҳамда енгил автомобиллар киради. 

Автотранспорт воситаларида Россия, шунингдек, «ЛХР» рақам белгилари мавжуд. 

Беларус раҳбари Александр Лукашенконинг таъкидлашича, Беларусда жойлашган «Вагнер» ХҲК «ёлланма аскарлари», унинг сўзларига кўра, «Варшавага экскурсияга боришни» хоҳлаётгани сабабли вазиятни «қийинлаштиришни бошлади». Лукашенко бу ҳақда 23 июль куни Санкт-Петербургда Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда гапирди.

Top