Ўзбекистон | 07:21 / 01.08.2023
33808
2 дақиқада ўқилади

Синоптиклар август ойида об-ҳаво қандай бўлиши тўғрисида маълумот берди

Ўзбекистонда август ойининг ўртача ойлик ҳарорати июль ойининг ўртача ойлик ҳароратидан +1,5...+2,5 даражага паст, аммо барибир бу жуда иссиқ ойдир.

Фото: Kun.uz

“Ўзгидромет” хабарига кўра, Тошкентда барча кузатув йиллари учун август ойида максимал ҳарорат +43,1 даражани ташкил этган, бу ҳолат 1944 йил 8 августда қайд этилган. Ушбу қийматга яқин бўлган максимал ҳарорат 2011 йил август ойида кузатилган (+43,0 даража).

Ўзбекистонда барча кузатув йиллари учун 2021 йилнинг август ойи энг иссиқ бўлиб, бунда ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан +1,5...+2,5 даражага юқори бўлган. Бироқ, 2021 йил август ойида экстремал юқори ҳарорат кузатилмаган. Тошкентда максимал ҳаво ҳарорати +40,0 даража белгисидан бир марта бўлса ҳам юқорига кўтарилмади.

Дунёнинг етакчи прогностик марказлари ҳисоб-китобларини жалб қилган ҳолда, “Ўзгидромет” томонидан тузилган дастлабки баҳолаш бўйича ушбу йилнинг август ойи ўртача иссиқ бўлади.

Ойнинг дастлабки беш кунлигида максимал ҳаво ҳарорати +35...+40 даража атрофида бўлади, сўнгра ҳарорат фони +33...+38 даражагача пасаяди.

Кейинчалик август ойи ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиши кутилмоқда.

Кундуз кунлари ҳарорат асосан +33...+38 даража атрофида, айрим кунларда +40 даражагача бўлиши кутилмоқда. Ойнинг иккинчи ярмида ҳарорат +30...+33 даражагача қисқа муддатли даврга пасайиши мумкин.

Фақат республиканинг айрим, асосан тоғолди ва тоғли ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши кутилмоқда.

Мавзуга оид