10:52 / 01.08.2023
4174

Украина АҚШдан яна 1,25 миллиард долларлик грант олди

Украина АҚШдан яна 1,25 миллиард доллар миқдорида грант олди, деб хабар қилди Украина Молия вазирлиги. 

Фото: Reuters

Хабарда айтилишича, маблағлар Жаҳон банкининг Мултидонорлик мақсадли фонди орқали ўтказиб берилган.

Молия вазирлигининг аниқлик киритишича, 2023 йилда Украина Вашингтондан 8,45 миллиард доллар тўғридан тўғри бюджетни қўллаб-қувватлаш грантларини олган ва ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери давлат бюджетига АҚШдан 20,4 миллиард доллар маблағ келиб тушган. 

Ушбу маблағлар хавфсизлик ва мудофаа соҳасига бевосита алоқадор бўлмаган ижтимоий ва ҳуманитар харажатларга, хусусан, ижтимоий ёрдам тўловлари ва давлат хизматчиларининг маошларига сарфланади.

Аввалроқ Қўшма Штатлар Украинага янги 400 миллион долларлик (362 миллион евро) ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этиши хабар берилганди

У, жумладан, Patriot ва NASAMS зенит-ракета тизимлари, шунингдек, HIMARS реактив ўт очиш тизимлари учун ўқ-дориларни, FIM-92 Stinger кўчма зенит-ракета комплекслари ҳамда Javelin танкка қарши ракета тизимлари, 32 та Stryker зирҳли машинани, BGM-71 TOW танкларга қарши оғир ракета комплекслари учун ракеталарни, шунингдек, тунги кўриш мосламалари ва тепловизорларни ўз ичига олади.

Top