«Эрон Ислом Республикаси билан келишув энди тўлиқ якунланди», – деб ёзди АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтон вақти билан якшанба куни тахминан соат 17:30 ларда.

«Мен шу тариқа Ҳўрмуз бўғозини ҳеч қандай тўловларсиз (эркин) очишга тўлиқ рухсат бераман ва шу билан бир вақтда, Америка Қўшма Штатлари Ҳарбий-денгиз кучлари блокадасини зудлик билан олиб ташлашни буюраман. Дунё кемалари, двигателларингизни ишга туширинг. Нефть оқсин!» деган АҚШ етакчиси.

Снимок экрана 2026-06-15 в 08.32.02

Трампнинг пости – урушда воситачилик вазифасини бажарган Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф душанба куни эрта тонгда келишувга эришилганини эълон қилганидан кўп ўтмай пайдо бўлди.

Шариф ўз постида ушбу пакт «барча жабҳаларда, шу жумладан Ливанда ҳам ҳарбий операцияларни зудлик билан ва бутунлай тўхтатишни» кўзда тутишини айтди.

Ливан музокаралардаги энг баҳсли масалалардан бири бўлиб келаётган эди. Чунки Исроил ва Ҳизбуллоҳ сўнгги ҳафталарда Трамп ва бошқаларнинг бир-бирига ҳужумларни тўхтатиш ҳақидаги чақириқларини инобатга олмаётганди.

Reutersʼнинг ёзишича, англашув меморандуми жума куни Швейцарияда расман имзоланиши режалаштирилган. Аммо, келишувнинг аниқ шартлари ҳозирча маълум эмас.

Эрон ҳам тасдиқлади

Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши котибияти баёнотида айтилишича, душанба оқшомидан бошлаб барча жабҳаларда, жумладан Ливанда ҳам уруш ва ҳарбий операциялар бутунлай тўхтатилади.

Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Козим Ғарибободийнинг сўзларига кўра, 60 кунлик оташкесим даврида янада кенг қамровли келишув, жумладан, Эронга нисбатан санкцияларни юмшатиш масаласи муҳокама қилинади.

Яна бир мураккаб масала – Эрон ядро дастурининг тақдири ҳам ушбу кейинги музокараларда кўриб чиқилади.

Келишув эълон қилинишидан олдин, Эроннинг юқори мартабали мулозими АҚШ Эроннинг музлатилган 25 миллиард долларлик активларини блокдан чиқаришга рози бўлишини айтган эди. Трамп маъмурияти эса аввалроқ Эрон пулларининг ҳар қандай шаклда қайтарилиши фақат Эрон тинчлик келишуви доирасидаги муайян шартларни бажарганидан кейингина амалга ошишини билдирган.