Трамп расман давлат ва фуқароларга қарши жиноятда айбланди
Махсус прокурор Жек Смитнинг сўзларига кўра, Трамп ўз тарафдорларини зўравонликка ундаш ва президентлик сайлови натижалари эълон қилинишига йўл қўймаслик учун атайлаб ёлғон баёнотлар берган.
АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп сешанба куни Қўшма Штатлар ва унинг фуқароларига қарши жиноятда расман айбланди — алдов йўли билан 2020 йилги президентлик сайловлари натижаларини бекор қилишга урингани учун.
Трамп энди 3 август куни Вашингтондаги судга келиши керак.
Ҳеч қайси партия аъзоси бўлмаган махсус прокурор, 2021 йил 6 январидаги воқеалар бўйича тергов ишларини назорат қилаётган Жек Смит Трампга тўрт банд бўйича айблов эълон қилди:
- Қўшма Штатларни алдаш мақсадида фитна уюштириш;
- расмий жараёнга тўсқинлик қилиш мақсадида фитна уюштириш;
- расмий тартиб-қоидаларга тўсқинлик қилиш ва тўсқинлик қилишга уриниш;
- фуқаролар ҳуқуқларини бузиш учун фитна уюштириш.
Бу кейинги йилда президентлик сайловларида қатнашмоқчи бўлаётган Трампга қарши учинчи ва энг жиддий жиноий айбловлар ҳисобланади.
Қонунчиликка кўра, бу айбловларнинг иккиси бўйича 20 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.
Вашингтон судидаги Катта ҳакамлар ҳайъатига берилган айблов хулосасида айтилишича, Доналд Трамп 2020 йилги сайловлардан кейин ҳам ҳокимиятда қолишга аҳд қилган ва унда ўзи ғолиб бўлгани ҳақида «ёлғон тарқатган».
«Бу даъволар ёлғон эди ва айбланувчининг ўзи ҳам буни биларди», — дейилади ҳужжатда.
Ҳужжатдан маълум бўлишича, 2021 йил 6 январда Трамп ва унинг шериклари сохталаштириш ҳақидаги ёлғон баёнотлар асосида, шунингдек, зўравонлик ва тартибсизликни қўллаган ҳолда, қонун чиқарувчиларга президентлик сайлови натижаларини расман тан олишни бекор қилиш мақсадида таъсир ўтказишга уринган.
Трампнинг сайловолди кампанияси учун тўплаган жамоаси эса ўз баёнотида бу айбловларни 2024 йилги президентлик сайловларига аралашишга қаратилган навбатдаги уриниш деб баҳолади.
Трампнинг тарафдорлари унга қарши бу жиноий ишни «жодугар ови» деб аташган ва бу нацистлар Германиясини эслатишини таъкидлашган.
Янги айблов ҳақида расман эълон қилинишидан бироз аввалроқ Трамп ўзига тегишли Truth ижтимоий тармоғида шундай ёзди: «Мен ақли ноқис Жек Смит 2024 йилги президентлик сайловларига аралашиш учун сизнинг севимли Президентингиз, яъни менга қарши навбатдаги ёлғон айбловлар қўяётгани ҳақида эшитдим».
Махсус прокурор Жек Смит журналистлар қаршисидаги қисқа чиқишида айнан Трампнинг ёлғон гаплари Капитолийга ҳужумга сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
«2021 йил 6 январда мамлакатимиз Капитолийсига уюштирилган ҳужум Америка демократиясининг тимсолига мисли кўрилмаган ҳужум бўлди. Айблов хулосасида таъкидланганидек, у ёлғон баёнотлар билан қўзғатилган. Айбланувчининг ёлғон сўзлагани унинг АҚШ ҳукумати асосий вазифаси – президентлик сайловлари натижаларини сарҳисоб қилиш ва тасдиқлаш жараёнига аралашишга қаратилган», — деди Смит.
У бу иш бўйича суд жараёни тезроқ бошланишига эришишни ваъда қилди ва ўз баёнотини Доналд Трамп судда акси исботланмагунича айбсиз деб ҳисобланиши кераклигини эслатиш билан якунлади.
Трамп билан бир қаторда исми ошкор этилмаган яна олти кишига нисбатан айблов эълон қилинган, бироқ улар орасида унга сайловлардаги сохталаштиришлар ҳақида баёнот тарқатишга ёрдам берган адвокатлар ҳам бор.
Мавзуга оид
10:03
Трамп Киевга ёрдамни танқид қилган сиёсатчини давлат котиби лавозимига таклиф қилди
09:46
Трамп АҚШ бош прокурори лавозимига конгрессмен Гетц номзодини илгари сурди
09:40
Байден Трампга: Украинани қўллаб-қувватлаш АҚШ манфаатларига жавоб беради
22:44 / 13.11.2024