Жаҳон | 08:22 / 03.08.2023
8425
2 дақиқада ўқилади

iStories: «Вагнер» ХҲК аскарларни ёллашда давом этмоқда

«Вагнер» ХҲК аскарларни ёллашда давом этмоқда, компания эгаси Евгений Пригожин эса 31 июл куни янги жангчиларни ёллашни тўхтатганини ва «ватанга керак бўлганда» уни қайтадан бошлашини маълум қилганди. Бу ҳақда «вагнерчилар»нинг махсус чатларидаги маълумотларга таяниб, «Важные истории» нашри хабар бермоқда. 

Хусусан, ишга қабул қилиш Омскдаги «Десантник» православ спорт клуби ва Новосибирскдаги ХҲК пунктларидан бири орқали амалга ошириляпти

Айтилишича, ёлланма аскарлар Пригожиннинг «Африка» лойиҳаларида иштирок этиш учун жалб қилинмоқда.

«Ҳомий»-компаниялар Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашдан бироз олдин эркакларни ишга оляпти, кейин уларга «мукофот пули» беряпти, деб аниқлаганди аввалроқ «Важные истории» журналистлари.

Россиялик миллиардерлар Олег Дерипаска, Леонид Михелсон, Сергей Гордеев, Михаил Гуцериев ва бошқалар Украинага жангга боришга тайёр бўлган эркакларни ўз компанияларига ёллаяпти ва уларга шартнома асосидаги хизмат учун «мукофот пули» тўлаяпти. Бу ҳақда 1 август куни «Важные истории» (iStories) интернет нашри ёзган. 

Журналистлар «Редут» ХҲКнинг собиқ ёлланма аскари, ҳозирда Россия қуролли кучларининг бир қисми бўлган «Сокол» «кўнгиллилар» батальонида взвод командири ҳисобланувчи Игор Сергиенко билан суҳбатлашди. Сергиенконинг сўзларига кўра, унинг маоши икки манбадан олинади: 200 000 рубль шартнома бўйича хизмат учун РФ Мудофаа вазирлиги томонидан тўланади, яна 100 000 рубл - «ҳомий» компания томонидан. 

Мавзуга оид