Россия армиясига ёлланган ўзбекистонлик йигит жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳукми билан танишди.
Суд ҳужжатида келтирилишича, 2001 йилда Фарғона туманида туғилган А.Қ. ишлаб пул топиш мақсадида 2022 йил 3 феврал куни Россиянинг Москва шаҳрига борган. У шаҳарнинг Люберце мавзесидаги савдо мажмуаларида тозаловчи бўлиб ишлай бошлаган. 2022 йил сентябр ойида наркожиноятда айбланиб, қўлга олинган ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Шу тариқа А.Қ. Екатеринбург шаҳридаги жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтай бошлаган. 2024 йил ноябр ойида у қамоқхона раҳбариятининг Россия армияси сафида Украинага қарши урушда иштирок этиш таклифига розилик билдирган. Бунинг учун унга қамоқдан озод қилиш ҳамда Россия фуқаролигини бериш ваъда қилинган.
А.Қ. 2024 йил ноябр ойи ўрталарида Россия фуқаролигини олиш учун ариза топширган ҳамда ушбу давлат Қуролли кучлари билан шартнома тузган. 2024 йил 24 ноябр куни унга Россия фуқаролик паспорти берилган. 2024 йил 27 ноябр куни эса у 21 кунлик дастлабки ҳарбий тайёргарликдан ўтиш учун Донецк ҳудудига жўнаб кетган.
Дастлабки ҳарбий тайёргарликдан сўнг А.Қ. Донецкнинг Горловка шаҳрига бориб, бу ерда махсус тайёрланган шахтага жойлашган. Сўнгра уруш майдонидаги Россия аскарларига мотоциклда озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш вазифасини бажаришга киришган.
А.Қ. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган ҳамда қамоқхонадаги қийноқ ва қўрқитувлардан сўнг Россия армиясига ёлланишга рози бўлганини айтган.
“Жазони ижро этиш муассасаси раҳбари кўплаб маҳкумларни чақиртириб, умумий тарзда Россия Қуролли кучлари таркибига қўшилиш ҳамда Украинага қарши урушга бориш таклифини билдирди. Бунинг учун қамоқдан озод қилишни ва Россия фуқаролигини беришни ваъда қилди. Бу таклифни рад этдим. 2024 йил август ойида ишга ўз вақтида бормаганим сабабли 15 кун карцерга жойлаштиришди. Карцердан чиқиб, 2 кун умумий тартибга ўтдим. Бироқ яна карцерга жойлаштиришди ва шундан кейин 3 ой давомида ўша ерда ўтирдим.
2024 йил ноябр ойида муассаса бошлиғи чақириб, Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузишни таклиф қилди. Агар ушбу таклифни рад этсам жазо муддатимга яна 10 йил қўшилишини айтди. Шу сабабли унинг таклифига мажбуран рози бўлдим.
Сўнгра фуқароликка ариза топширдим ва Россия Қуролли кучлари билан шартнома туздим. Дастлабки ҳарбий тайёргарлик Донецкдаги полигонда бўлиб ўтди. 2024 йил декабрда Горловкадаги ҳарбий хизматчилар турар жойига олиб боришди. Бу ерда 4-5 кун бўлиб, сўнгра ушбу шаҳар чеккасидаги кўмир кони шахтасига бориб жойлашдим.









